Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилоят кенгашида “Ишонч” - "Ишонч-доверие” газеталари кунлари доирасида таҳририят ижодий жамоаси самарқандлик газетхоналар билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов, “Ишонч” - "Ишонч-доверие” газеталари таҳририятлари бўлим бошлиқлари Зебо Намозова ҳамда Шоира Йўлдошева газеталар фаолияти, тизим самарадорлигини оширишдаги ўрни, соҳа ходимлари ўртасида илғор тажрибаларни оммалаштиришдаги аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритишди.
—Газета мутолааси ҳар бир соҳада муҳим ўрин тутади, —деди вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Тўғри, ижтимоий тармоқлар тезкорлик борасида бугун босма нашрларни ортда қолдирмоқда. Аммо янгиликлар, воқеа-ҳодисалар, айниқса, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг таҳлили газеталар орқали батафсил, тушунарли тарзда кенг оммага етказилади. Шу боисдан, бугун газеталар ўрни ҳар қачонгидан муҳимроқ, деб ўйлайман. Айнан “Ишонч” - "Ишонч-доверие” газеталари фаолиятига тўхталадиган бўлсам, бугунги шиддатли замонда янгиликларни батафсил ёритиш, қонун ҳужжатларини таҳлилий тушунтириш ҳамда жамиятдаги хато-камчиликларни рўй-рост омма эътиборига олиб чиқишда биринчилар қаторида бормоқда. Халқаро ҳаётдаги муҳим янгиликлар ҳам газета саҳифаларидан жой олаётганлиги ҳар қандай ўқувчи эътиборини тортади. Шу жиҳатдан газета бугун ҳар бир ходимнинг доимий ҳамроҳи бўлиши керак. Чунки, унда бизнинг самарали ва хавфсиз фаолият юритишимиз асослари кенг ёритилади.
[gallery-25697]
Учрашув давомида газетхонлар томонидан таҳририят фаолияти самарадорлигини ошириш, газета саҳифаларини бойитиш борасида қатор таклифлар, жумладан,янги рукнлар ташкил этиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Тадбир якунида “Ишонч” - "Ишонч-доверие” газеталари фаолияти ҳақидаги викторинада фаол қатнашган иштирокчилар ҳамда газетага обуна уюштиришдаги фаоллиги учун бир гуруҳ тизим ходимлари таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),ЎзА