Ишончли вакил шифокорлар билан учрашди
ЎзХДПдан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Қизилгул Қосимова Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасида сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Қизилгул Қосимова сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган ғоялар бўйича маълумот берди. Хусусан, дастурдаги ўзини-ўзи банд қилиш ва хусусий тадбиркорлардан олинадиган даромадлар ҳисобидан меҳнатга лаёқатли аҳолининг барқарор иш ўринларида бандлигини таъминлашга эришиш ташаббуси ҳақида йиғилганларга гапирди. Номзоднинг дастурида оилалар, болалар, аёллар, қарияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, “Кўп квартиралик уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Дастурнинг кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам – инсон саломатлиги гарови деб номланган йўналишида “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш таклифи билдирилмоқда. Шунингдек, дастурда таълим йўналиши бўйича кўплаб таклифлар мужассамланган.

Номзод мактаблар ўқув дастурларида чет тиллари ва IТ бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтиришни назарда тутмоқда. Тадбирда ишончли вакил сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
А.Мусаев,ЎзА.