Ишончли ва ҳаққоний экспертиза хулосаси билан ҳақиқат қарор топади
Шу боис, суд-экспертларга қўйиладиган талаблар кучайтирилди
2026 йил 11 июнда давлатимиз раҳбари “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонунда нималар назарда тутилган ва соҳада қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Шу ҳақда Олий Мажлис Сенати аъзоси Зумрад Бекатова билан суҳбатлашдик.

– Суд-экспертиза соҳаси – қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашнинг муҳим устунларидан бири ҳисобланади, – дейди З.Бекатова. – Одил судлов фақат ишончли далилга таянгандагина ҳақиқий қийматга эга бўлади.
Суд эксперти томонидан берилган хулосалар тергов ва суд органларига иш юзасидан далилларга баҳо беришда алоҳида аҳамият касб этади. Бундай шароитда экспертлардан ҳам илмий ёндашув, ҳам замонавий технологиялардан фойдаланиш талаб этилади.
Шу боис, мамлакатимизда кейинги йилларда суд-экспертиза соҳасини ривожлантириш, моддий-техник жиҳатдан қайта кўриб чиқиш ҳамда экспертлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Соҳада ечимини кутаётган қандай масалалар мавжуд?
– Албатта, мазкур соҳада ислоҳотлар амалга оширилган. Шу билан бирга, бугунги кун нуқтаи назаридан ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжуд.
Биринчидан, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва нодавлат суд экспертининг ҳуқуқий мақоми, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан тадқиқотлар ўтказилиши ҳамда электрон маълумотлар билан ишлаш тартиблари қонун даражасида белгиланмаган.
2023-2024 йилларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан 16 мингдан ортиқ тадқиқот ўтказилган. Бу, ўз навбатида, турли зиддиятли ҳолатларга ижобий баҳо беришда кўмаклашмоқда.
Иккинчидан, халқаро тан олинган тадқиқот усулларини мамлакатимизда қўллаш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмаган. Амалда фойдаланилаётган 500 дан ортиқ услубиётнинг 200 га яқини халқаро талаблар асосида такомиллаштирилиши лозим.
Учинчидан, экспертиза тадқиқотларини ўтказишда илмий, таълим ва бошқа ташкилотлар имкониятларидан фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Амалиётда илмий, таълим ва бошқа ташкилотлар мутахассислари фақатгина суд-тергов органлари томонидан заруратга кўра эксперт сифатида жалб қилингандагина экспертиза тадқиқотларини ўтказмоқда.
Тўртинчидан, халқаро ҳамкорлик ва чет эл экспертларини жалб қилиш имкониятлари чекланган.
– Янги қонун буларнинг барчасига барҳам берадими? Қонун билан қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
– Қонун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этади. Қонунда нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш, фаолият йўналишлари белгиланмоқда, шунингдек, нодавлат суд-экспертларига бюро ташкил этган ҳолда якка тартибда фаолият юритишга рухсат берилади.
Бу, ўз навбатида, давлат суд экспертиза муассасаларининг мавжуд иш юкламаси камайишига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжларининг қондирилиши ҳамда фаолиятда рақобатни таъминлашга ёрдам беради.
Адвокатнинг сўровига асосан ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида давлат ва нодавлат суд экспертлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш тартиблари назарда тутилмоқда.
Экспертиза тайинлашга доир масалаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тўла тартибга солиниши судда тортишувчанлик институтининг таъминланишига ҳисса қўшади. Суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтлари жорий этилади.
Суд экспертиза тадқиқотларида фойдаланиб келинаётган усуллар, услубиётлар, шунингдек ускуналарнинг сифати ва самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, уларнинг ваколатлилигини тан олиш орқали соҳа янада ривожлантирилади.
Суд-экспертиза муассасалари (ташкилотлари), суд экспертлари ҳамда суд-экспертиза тадқиқотларида фойдаланиладиган услубиётлар рўйхатининг давлат реестрини юритиш йўлга қўйилади.
Бу суд-тергов органларига қўшимча қулайликлар яратади, ягона амалиёт йўлга қўйилиши орқали хулосалар ҳаққонийлигини оширади.
– Суд экспертларининг малакали ва ҳаққоний ишлаши учун қўйилган талабларни бажариши қандай баҳоланади?
– Бу борада, энг аввало, давлат суд-экспертиза муассасалари экспертлари ҳамда нодавлат суд экспертларининг фаолияти юзасидан эксперт-малака комиссиялари тузилади.
Бу эса суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлайди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг суд экспертларидан норозилик мазмунидаги мурожаатларини батафсил ўрганилишини ташкил этишга кўмаклашади.
Суд-экспертларининг касб-этика қоидалари ва экспертизани ўтказишга доир чекловлар жорий қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ваколатли давлат органи сифатида Адлия вазирлигининг суд-экспертлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилди. Вазирликка суд экспертизаси соҳасида илмий-услубий ишларни ташкил этишга кўмаклашиш, устувор йўналишларини ишлаб чиқиш каби функциялар берилди.
Нодавлат суд экспертларини бирлаштирувчи, уларга яқиндан кўмаклашувчи Суд экспертлари палатаси ташкил этилади. Палата нодавлат суд экспертлари ихтиёрий аъзолиги асосида тузилади.
Суд-экспертлик фаолиятини молиялаштириш тартиби такомиллаштирилади. Давлат суд-экспертиза муассасалари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра эксперт фикрлари берганлиги учун тўлов ундиришга ҳақли бўлади.
Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга янада қулайликлар яратиш ва уларни тажрибали суд экспертига бўлган талабларини тўлиқ қондириш мақсадида суд экспертизасини чет давлатнинг суд экспертларини жалб қилиш орқали ўтказиш механизмлари белгиланди.
Қонун нодавлат суд экспертлари фаолиятининг йўлга қўйилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига ва адвокатнинг сўровига асосан экспертиза тадқиқотларини ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилишига, экспертиза хулосалари ишончлилигининг янада ошишига, судда тортишувчанлик институтининг тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Қонунда назарда тутилган нормалар суд-экспертлик фаолиятининг холислиги, мустақиллиги ва ишончлилигини таъминлаш орқали суд қарорларининг адолатли қабул қилиниши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Судлов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 13 декабрда кучга киради.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди