Ишончдаги ишончли корхона...
Сирдарё вилояти Гулистон тумани Ишонч маҳалласи ҳудудида ип калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мили текс Сирдарё” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона қуриб битказилди.
Сирдарё вилояти Гулистон тумани Ишонч маҳалласи ҳудудида ип калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мили текс Сирдарё” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона қуриб битказилди.
Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши, барқарор иқтисодий ўсишга эришиши, аҳоли даромадларининг ошиши, турмуш шароитининг яхшиланиши аввало миллий иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига жалб этилаётган инвестиция маблағларининг ҳажми ва таркибига боғлиқ.
Гулистон туманида ҳам тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган товарларни ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотлари ҳажмларини ошириш ва турларини кўпайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Фаолиятини бошлаш арафасида турган ана шундай йирик лойиҳалардан бири – “Мили текс Сирдарё” масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Бахтиёр Шоикромов раҳбарлигидаги ушбу корхона вилоят марказидаги “Мили Гулистон текстил” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасининг филиали саналади. Ушбу объект 33 миллион АҚШ доллари, шундан 16 миллион 500 минг АҚШ доллари “Миллий банк” кредит маблағлари ҳисобига барпо этилди.
– Корхона 5 та цехдан иборат бўлиб ишчи-хизматчилар пахта титиш, пахтани бутлаш, пиликлаш, калава ипни ҳалқалаш ва йигириш ҳамда ипни ўраш цехларида фаолият олиб боради, – дейди қўшма корхона техологи германиялик Витац Шултц. – Бу ерга ўрнатилган энг замонавий жиҳоз-машиналар Германиянинг “Trusler” компаниясида ишлаб чиқарилган, соҳанинг энг сўнги, ишлаш қулай бўлган иновацион технологиялари асосида яратилган.
Дарвоқе, корхона йилига 10 минг тонна ёки 20 миллион АҚШ долларилик ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга эканини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
– Жаҳон бозорларида иқтисодий рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги даврда барқарорликнинг асосий омили ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди “Мили текс Сирдарё” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона филиали директори Бахтиёр Шоикромов. – Айни пайт, корхонамиз фойдаланишга топширишга тайёр. Ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида 400 нафар Гулистон тумани ва шаҳрида яшовчи ёшлар, айниқса хотин-қизлар доимий иш ўринига эга бўлади. Ҳозир уларни 5 та цехимиздаги йўналишлар бўйича қайта тайёрлаяпмиз.
Ишонч маҳалласи худудидаги “Милитекс Сирдарё” корхонасида фаолият юритаётган ишчи-хизматчилар учун барча шароитлар яратилган. Маънавият хонаси, кутубхона, дам олиш хоналари ва ошхона меҳнаткашлар ихтиёрида. Бу ерда меҳнат қиладиганлар иссиқ овқат, махсус кийим-бош ва қатнов учун транспорт билан таъминланиши ҳам кўзда тутилган.
Мухтасар қилиб айтганда, миллий иқтисодиётга йўналтирилган ички ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ортиши, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш пировардида мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.