“Ишонч” жамғармаси инсонлар ишончини қозонмоқда
“Ишонч” жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни жойларда кўздан кечириш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилларидан иборат “Ишонч” жамғармаси бошқарув қўмитаси ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари Бухоро вилоятида бўлди.
Ташриф доирасида “Ишонч” жамғармасининг “Юқори сифатли ва инклюзив таълим натижаларига эришиш учун ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли таълимдан фойдаланиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар билан танишиш борасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Айни пайтда вилоятдаги 151 та умумтаълим мактабида 216 та инклюзив таълим синфлари ташкил этилган бўлиб, уларда 280 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчи қамраб олинган. Бу кўрсаткичлар ҳудудда ушбу таълимни босқичма-босқич жорий этиш ва таълимда тенг имкониятларни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
“Vision 2030 – Ўзбекистонда таълим имкониятларини кенгайтириш: ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли таълим орқали сифатли ва инклюзив таълим натижаларига эришиш” ҳамда “Ишонч 2030” лойиҳалари вилоятда нафақат умумтаълим муассасалари, балки педагог кадрлар салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардандир. Хусусан, “Ишонч 2030” лойиҳаси доирасида Ромитан туманидаги 1-сонли, Когон шаҳридаги 3-сонли ҳамда Бухоро шаҳридаги 45-сонли умумтаълим мактабларида инклюзив таълим муҳитини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
[gallery-26765]
Меҳмонлар дастлаб Ромитан туманидаги 1-умумтаълим мактабида бўлиб, бу ерда ташкил этилган инклюзив таълим синфлари ва СТЕМ лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Шундан сўнг делегация вилоят педагогик маҳорат маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Таъмирдан чиқарилган бинолар бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, замонавий жиҳозланган ўқув хоналари кўздан кечирилди. Марказда ўқитувчиларнинг амалий машғулотлари жараёни намойиш этилиб, педагогик маҳорат марказида амалга оширилган ишлар юзасидан анжуман ўтказилди. Ушбу тадбирда ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, рақамли ва инклюзив таълим методларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, делегация Бухоро шаҳридаги 45-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, мактаб бўйлаб экскурсия давомида рақамли, СТЕМ ва инклюзив синфлар фаолияти билан яқиндан танишди. Мактаб директори ва ўқитувчилари билан ўтказилган суҳбатлар жараёнида яратилган таълим муҳити, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/FtoLUlyxzo8?si=JpoppjJ_bsc5Z489" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари