“Ишонч” муштарийлар ишончини оқламоқда
Бухорода “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти ташаббуси билан “Ишонч кунлари” шиори остида учрашувлар ўтказилмоқда.
Муштарийлар талаб ва таклифларини тинглаш, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш, муаммоларига қулоқ тутиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирга ижодкорлар, олий таълим муассасалари вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари ва газета муштарийлари қатнашди.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Бухоро вилояти Кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов очиб берди. “Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталари саҳифаларида бериб борилаётган танқидий-таҳлилий материаллар газетанинг мухлислари сони ортиб боришига хизмат ыилаётгани таъкидланди.
[gallery-9292]
“Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов муштарийлар билан очиқ ва самимий мулоқотга киришар экан, бу каби учрашувлар газетхонлар талаб ва истаклари асосида нашр мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилишини қайд этди.
Тадбир доирасида йиғилганларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди. Қизиқарли викторина асносида ўн нафар фаол иштирокчи қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Учрашув доирасида Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти ҳамда Тошкент шаҳар бўлимлари, шунингдек, “Ишонч” газетаси ва “Бухоронома” газеталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
– Меморандумни имзолашдан мақсад кадрлар салоҳиятини юксалтириш, томонларнинг фаолияти билан янада яқинроқ ва кенгроқ танишиш учун ижодий гуруҳлар билан тажриба алмашишдан иборат, – дейди Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов. – Шунингдек, тақдимотлар, тадбирлар ташкил этиш ва уларни ўтказиш учун ишчи гуруҳлар тузиш, матбуот анжуманлари, семинарлар, машғулотлар ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий, услубий ва бошқа адабиётлар, шунингдек, ўқишли мақолаларни ўзаро алмашиш.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА