Қишлоқда мебель корхонаси
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида фаолият бошлаган “Азиз Аваз соф савдо” масъулияти чекланган жамиятида мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида фаолият бошлаган “Азиз Аваз соф савдо” масъулияти чекланган жамиятида мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани иқтисодиётнинг реал секторида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Шаҳанд қишлоғида иш бошлаган “Азиз Аваз соф савдо” корхонаси ҳам ушбу эътибор самарасидир.
– Қишлоқдаги фойдаланилмай турган бинони имтиёзли шартларда ўз тасарруфимизга олиб, 200 миллион сўм сармоя киритдик, – дейди корхона иш бошқарувчиси Анваржон Абдуллаев. – Компьютер технологиялари асосида ёғочга қайта ишлов бериш ва гул солишга мўлжалланган замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Якка тартибдаги ҳунармандлик асосида стол-стул, шкаф, диван сингари жиҳозлар тайёрлаш билан шуғулланадиган усталарни жалб этиб, замонавий мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни пайтда корхонада меҳмонхона, ошхона ва ётоқхона жамланмаларидан иборат етмишдан зиёд турдаги импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли мебель маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Йигирма киши доимий иш билан таъминланган корхона томонидан ўтган қисқа муддат ичида ички истеъмол бозорига 600 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди. Ишлаб чиқарилаётган жиҳозлар сифати хориж мебелларидан асло қолишмаслиги туфайли корхона маҳсулотларига буюртмалар кўпайиб бормоқда.
“Азиз Аваз соф савдо” масъулияти чекланган жамияти сингари замонавий корхоналар сони ортиб бориши қишлоқ ҳудудларида инфратузилмани жадал ривожлантириш, энг муҳими, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.