Қишлоқда хусусий клиника иш бошлади
Жиззах вилоятининг энг олис ҳудудида – Фориш туманидаги Михин қишлоғида хусусий клиника иш бошлади.
Жиззах вилоятининг энг олис ҳудудида – Фориш туманидаги Михин қишлоғида хусусий клиника иш бошлади. Аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган «Мариям мед» хусусий клиникасини собиқ қишлоқ врачлик пункти биносини инвестиция киритиш шарти билан ноль қийматда олган ёш тадбиркор Мадинабону Эргашева барпо этди.
Тадбиркор ўз маблағи ва «Ёшлар келажагимиз» жамғармасининг 60 миллион сўмлик имтиёзли кредити ҳисобига иншоотни реконструкция қилиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлади.

Тумандаги қишлоқлар тарихидаги дастлабки хусусий тиббиёт муассасаси 12 ўринга мўлжалланган. Муассасада 8 нафар тиббиёт ходими ишлаётир.
– Клиникамизда беморлар асосан табиий гиёҳлардан фойдаланилиб, физиотерапевтик усулда даволанади, – дейди Мадинабону Эргашева. – Гиёҳли кедрбочкаси, парафин, хиджама, гиёҳли сув ваннаси, электрофарез, балчиқ билан даволаш усулларини йўлга қўйганмиз. Фитобар ишлаб турибди.

Клиника очилишига бағишланган маросимда иштирок этган ҳокимлик, соғлиқни сақлаш идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари, қишлоқ аҳли янги тиббиёт муассасасида яратилган шароитлар билан танишдилар. Маросим қатнашчилари олис қишлоқда дастлаб ташкил этилган хусусий тиббиёт муассасасида шаҳарлардаги каби шароитлар яратилганлигини эътироф этди.
Қишлоқнинг энг хушманзара ҳудудида, Боғдон Қораабдол автомобиль йўли бўйида жойлашган муассасада беморлар учун барча қулайликлар яратилган. Муассасанинг турли мевали ва манзарали дарахтларга, гулларга бурканган кенг ҳовлиси ёзнинг иссиқ кунларида ҳам соя-салқин.