Ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ўрганилди...
Карантин даврида йирик ишлаб чиқариш корхоналари тўхтаб қолмаслиги иқтисодий барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Карантин даврида йирик ишлаб чиқариш корхоналари тўхтаб қолмаслиги иқтисодий барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони асосида Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан корхоналарга амалий ёрдам бериш чора-тадбирлари ўрганиб чиқилди.
Жиззах шаҳридаги “Jizzax Polimer Plast” масъулияти чекланган жамияти йирик экспортёр корхоналардан биридир. Жамиятда товар айланмаси 2019 йилда 37,4 миллиард ва 2020 йил январь-февраль ойларида 1,5 миллиард сўмни ташкил этди. Корнавирус каратини туфайли экспорт ҳажми тушиб кетди.
– Карантин сабаб ишчиларимизнинг келиб кетишида муаммо пайдо бўлди, – дейди корхона раҳбари Шуҳрат Маматқулов. – Ишчи ходимларни келиб кетиши учун автотранспорт воситасига махсус рухсатнома керак. Агар рухсатнома берилса, ишлаб чиқаришни карантин талаблари асосида хавфсиз ташкил этишга имкониятимиз бор. Солиқ бошқармаси вакиллари корхонамиздаги шарт-шароитларни ўрганиб чиқиб, муаммони ҳал этишда кўмаклашадиган бўлди.
Ип-калава ишлаб чиқарувчи “JizzaxKenteks” масъулияти чекланган жамияти корхонасида ҳам шу муаммо юзага келди. Жамият томонидан 2019 йилда 2 миллиард, 2020 йил январь-февраль ойларида 0,6 миллиард сўмлик маҳсулот экспорт қилинди. Айни пайтда маҳсулотни хорижий ҳамкорларга етказиб беришда муаммо юзага келган. Ип-калавага Россия Федерацияси ҳамда Хитойдаги компаниялар томонидан талаб йўқлиги сабабли, 1 минг 500 тонна маҳсулот корхона омборида сотилмай турибди.
Айни пайтда бу корхонада янги лойиҳа ҳам амалга оширилаётир. Корхонага Швейцариядан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши билан 1000 га яқин янги иш ўрини яратилади. Корхонага ишчиларни олиб келиш билан боғлиқ муаммо ечим топиши ушбу лойиҳанинг ишга тушишини ҳам тезлаштиради.
Эпидемия сабабли ишчиларнинг келиб кетиши билан боғлиқ муаммолар “Jizzax Akkumulyator Zavodi Distributor” , “EVROASIA KARPET” масъулияти чекланган жамияти каби экспортёр корхоналар фаолиятида ҳам юзага келди.
– Ўрганишлар давомида корхоналарнинг ишлаб чиқаришни давом эттиришларига тўсиқ бўлаётган асосий муаммо автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун рухсатнома олиш эканлиги маълум бўлди, – дейди Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси катта инспектори Гулчеҳра Урдушева. – Вилоят солиқ бошқармаси тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ушбу масаланинг ечимини топиш бўйича иш олиб бораётир. Яқин кунларда ишчи-хизматчиларнинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда автотранспортлар ажратилиши масаласи ҳал этилиши кутилмоқда.