Ишга қабул қилинганда дастлабки синов муддати кимларга белгиланмайди?
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова фуқаролардан тушган саволларга жавоб берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Янги Меҳнат кодексига кўра, ҳомиладор аёл, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки 3 ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий), захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар ҳамда давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 3 ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари учун ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
Шунингдек, тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 1 йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари учун ҳам, ўзи билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар учун ҳам, 18 ёшга тўлмаган шахслар ва ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар учун дастлабки синов даври белгиланмайди.
Ишга қабул қилинишда ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар ва жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимларга ҳам синов вақтини белгилаш лозим бўлмайди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йилда очиқ танлов асосида 43 минг 923 нафар фуқаро давлат хизматига қабул қилинди. Бугунги кунга келиб 1 миллион 300 мингга яқин номзод вакант лавозимлар очиқ танловларида қатнашди.
Жорий йилнинг 22 ноябрь соат 17:00 ҳолатига кўра, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформасига уланган ташкилотлар сони 14 минг 395 тани, танлов жараёнлари давом этаётган вакансиялар 1 минг 945 тани ташкил этган.
Шу пайтга қадар портал орқали эълон қилинган очиқ танловларда 1 миллион 300 мингга яқин номзод қатнашган бўлиб, улардан 43 минг 923 нафари давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган.
Айни пайтда порталда 270 минг 157 нафар фуқаро ўз резюмесини шакллантирган.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.