Ишдан бўшаганлар номига иш ҳақи олганлар...
Жумладан, бўлимнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлар сектори масъул ходими И.Т. январь ойида 9,4 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағлари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўзлаштирган.
Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг май ойида жамғарманинг Олмазор туман бўлимида ишчи ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа биринчи даражали тўловларининг тўғри ҳисобланиши, улардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўғри ундирилиши ўрганилган.
Ўрганиш якунига кўра, бўлимнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлар сектори масъул ходими И.Т. томонидан бўлимда илгари ишлаб кетган ва ҳозирда ишлаётган ишчи ходимлар номига 81,6 миллион сўм ортиқча иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳисоблангани аниқланди. Шундан 6,9 миллион сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар учун ушлаб қолинган бўлса, қолган 74,7 миллион сўм бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ноқонуний равишда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар сифатида амалга оширилган.
Жумладан, бўлимнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлар сектори масъул ходими И.Т. январь ойида 9,4 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағлари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўзлаштирган. Мисол учун, собиқ ходим Ш.А. 23.03.2018 йилда ишлаб турган лавозимидан озод этилган бўлсада, унинг номига 3,9 миллион сўм, собиқ ходим У.А. 29.08.2018 йилда лавозимидан озод этилган бўлсада, унинг номига ҳам 2,5 миллион сўм миқдоридаги иш ҳақи ҳисобланиб, нақд пул шаклида ўзлаштирилган.
Бош ҳуқуқшунос маслаҳатчи лавозимида ишлаган С.С.га 01.11.2018 йилда ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, 31.01.2019 йилда бир маротабалик ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун 5,7 миллион сўм миқдорида нафақа тўлаб берилган бўлсада, унинг номига иккинчи маротаба асоссиз равишда жорий йил февраль ойида 7,3 миллион сўм миқдорида бир маротабалик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳисобланиб, ўзлаштирилган.
Бўлимнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлар сектори масъул ходими И.Т. жуда ёш бўлишига қарамасдан, бюджет ташкилотларида фойдаланиб келинаётган “UzAsbo” дастуридан «унумли» фойдаланган ҳолда, ишдан бўшаган ходимларни ҳисобдан чиқармасдан, улар номига ҳам иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўлов турларини бюджет маблағлари ҳисобидан ўзлаштириш тажрибасини пухта эгаллаб бўлгандан кейин, навбатдаги дастури бўйича «Ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси» маблағларидан ҳам ўзлаштиришнинг амалиётини «усталик» билан ўрганаётганлиги кузатилди.
Амалдаги қонун ҳужжатларида «Ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси» ҳисобидан тизим ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватланиши белгиланган бўлиб, ушбу жамғарма ҳисобидан масъул ходим (И.Т.) томонидан 4,7 миллион сўм маблағни беҳуда сарфланишига йўл қўйганлиги аниқланди. Мисол учун, бўлимнинг масъул ходими (И.Т.) ўзи учун 2019 йилнинг август ойида 1,1 миллион, М.Б. номига 1,0 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пулларини ўзлаштирган.
Қайд этиб ўтилганлардан ташқари, мазкур «уддабурон» ходим И.Т. томонидан 2020 йилнинг февраль ойида 0,6 млн. сўм ва март ойида 1,1 млн. сўм миқдоридаги йўлкира ва озиқ-овқат харажатлари учун маблағларни ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ўз номига ҳисоблаб, ўзлаштириб келганлиги аниқланди.
Ҳозирги кунга қадар Пенсия жамғармасининг Олмазор туман бўлими собиқ ходими И.Т. томонидан ўзлаштирилган 81,6 млн. сўм маблағлардан 35,0 миллион сўми ихтиёрий равишда қисман давлат бюджетига қайтарилган бўлиб, ўтказилган ўрганишлар юзасидан тўпланган текшириш материаллари ва ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим қилинди.