Қишда ҳам маҳсулот мўл бўлади
Сурхондарё вилоятида 2016-2017 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун 35 минг 628 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ғамлаш режалаштирилган. Бозорда нарх-наво барқарорлиги ва аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун 57 тайёрлов савдо корхонаси ва 28 агрофирма жалб этилган.
Сурхондарё вилоятида 2016-2017 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун 35 минг 628 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ғамлаш режалаштирилган. Бозорда нарх-наво барқарорлиги ва аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун 57 тайёрлов савдо корхонаси ва 28 агрофирма жалб этилган.Қиш-баҳор фаслида аҳолини сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларни рўёбга чиқариш учун вилоятда еттита ишчи гуруҳи ташкил этилиб, бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ишчи гуруҳлар томонидан маҳсулотларни сақлашга ихтисослашган омборлар, совуткичли сиғимлар хатловдан ўтказилиб, манзилли рўйхати ишлаб чиқилган. Захирага жамғариладиган маҳсулотларни харид қилиш бўйича тайёрлов корхоналари ва ижтимоий соҳа муассасалари билан маҳсулот етиштирувчилар ўртасида шартномалар тузилиб, бўнак маблағлари тўланмоқда. Маҳсулот ғамлаш тадбирларига жалб этилган тайёрлов корхоналарига тижорат банклари томонидан кредит ва нақд пул маблағлари ажратиш, ижтимоий соҳа муассасаларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш ва уларни жойлардаги молия органлари томонидан молиялаштиришни ташкил этиш, маблағларнинг мақсадли ишлатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий соҳа муассасаларида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш, қиш-баҳор ойларида ички истеъмол бозорига савдога чиқарилишини таҳлил қилиш, тайёрлов корхоналарининг белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини амалда захира омборларига жамғариш ҳолатини ўрганиш ҳам мазкур гуруҳлар зиммасига юкланган.
– Бундай тизим ўз самарасини бермоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Муҳиддин Тилавов. – Барча ишлар сифатли ташкил этилиб, белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси ва вилоят деҳқон бозорлари, савдо комплекслари уюшмаси корхоналари, йирик корхона ва ташкилотлар, вилоят халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, ихтисослашган фермер хўжаликлари ва агрофирмалар мавсумга белгиланган миқдорда картошка, гуруч, пиёз, мева-сабзавот, полиз ва бошқа маҳсулотларни ғамламоқда. Мавсум учун ғамланаётган сифатли, сервитамин маҳсулотнинг 18 минг 48 тоннаси 57 ихтисослашган ва 17 минг 580 тоннаси 41 та музлаткичли омборда сақланади. Бунинг учун барча омборларда зарур шароитлар яратилган. Маҳсулотларни сақлаш учун тегишли шартномалар тузилган.
Маълумотларга кўра, қиш-баҳор мавсуми учун вилоятда “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси корхоналари 5 минг тонна, вилоят деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси 1 минг 845 тоннага яқин, йирик корхона ва ташкилотлар 3 минг 519 тоннадан ортиқ, вилоят халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари 2 минг 48 тонна, ихтисослашган фермер хўжаликлари ва агрофирмалар 6 минг 445 тонна, бошқа корхона ва ташкилотлар 16 минг 766 тонна асосий турдаги сервитамин озиқ-овқат маҳсулотларини жамғаради.
Жорий йилда фермер ва деҳқон хўжаликлари такрорий экин сифатида 8 минг 592 гектар майдонда сабзи, 1 минг 205 гектарда қизил лавлаги, 20 минг гектар ерга дуккакли экин, 1 минг 161 гектарда шоли парваришлаб, салмоқли ҳосил етиштирди. Ғалладан бўшаган майдонларга экилган ерёнғоқ, шолғом ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҳам мўл ҳосил олинди.