Ишчиларнинг қарийб ярим миллиард сўмлик иш ҳақи ундирилди
Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ қарздорликни бартараф этиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида бажариш борасида Мажбурий ижро бюроси томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, суд қарорларига асосан иш ҳақи ундирилиши белгиланган бўлса-да, тўловлар амалга оширилмаган ҳолатларда қарздорликни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг қарорларига асосан, жавобгар «TO‘RTKO‘L TOZA HUDUD KLASTER» МЧЖдан 25 нафар ишчи-ходим фойдасига 521 миллион сўм иш ҳақи ундириш белгиланган.
Бироқ, жамият томонидан суд қарорлари ижроси таъминланмагани сабабли ишчиларга тегишли иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Шундан сўнг, ишчи-ходимлар суд қарорлари асосида берилган ижро варақаларини ижрога қаратиш мақсадида Мажбурий ижро бюросининг Тўрткўл туман бўлимига мурожаат қилган.
Мазкур мурожаатлар асосида ижро ишлари қўзғатилиб, қарздорликни ундириш чоралари кўрилган. Жумладан, давлат ижрочиси томонидан жамият бош ҳисобчисига ижро ҳужжатларини 15 кунлик муддатда бажариш зарурлиги, акс ҳолда қонунда белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилиши ва мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантириш берилган.
Шунингдек, қарздор ташкилотнинг асосий банк ҳисобварақлари хатловга олиниб, жамият номида аниқланган иккита кўчмас мулкка нисбатан ҳам хатлов чоралари қўлланилган.
Кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг 12 октябрь куни 25 нафар ишчи-ходимнинг жами 524 миллион сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА