Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси К.Бурханов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурхановлар томонидан 2025 йил 5 март куни Президент раҳбарлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, коррупция, айниқса маиший коррупциянинг олдини олиш ҳамда “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг Қорақалпоғистон Республикасида бажарилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
Мазкур масалалар бўйича республика Ишчи гуруҳи дастлаб Мухаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиалида мактаб таълими соҳасида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Шундан сўнг, бу борада тасдиқланган “Йўл харита”да белгиланган вазифалар ижроси, соҳада маиший коррупцияга барҳам бериш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш борасидаги фаолият натижалари бўйича муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Унда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида сақланиб қолаётган коррупциявий омиллар, “Йўл харита”да белгиланган тадбирларнинг ижроси, жумладан, ўқитувчиларга сертификатлар берилиши, қўшимча устама тўланилиши, бюджет маблағлари талон-торож қилиниши, мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқат билан таъминланиши, бракераж комиссиялари фаолияти устидан назоратни кучайтирилиши ҳамда коррупцияни олдини олиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Йўл қўйилаётган камчиликларни баратараф этиш юзасидан аниқ муддатлар белгиланган ҳолда масъулларга топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
Ишчи гуруҳ Рақамли соғлиқни сақлаш марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлиб, соҳада беморларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштиришнинг аҳволи ўрганилди. Шундан сўнг, соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, тизимдаги маиший коррупция ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда Нукус шаҳри ва бир қатор туманлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларида йўл қўйилаётган камчиликлар қайд этилди.
Йиғилиш якунида белгиланган тадбирлар ижросини ўз муддатида сифатли таъминлаш шунингдек, Оролбўйини коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида тегишли идораларнинг таклифлари муҳокама қилинди. Билдирилган таклифларни амалиётга жорий қилиш чораларини кўриб чиқиш бўйича масъул идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди ва уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Шу куни “Йўл харита”да белгиланган вазифалар ижросининг Кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.
Тадбирда, Кадастрлар палатаси тизимида амалга оширилаётган ишларда йўл қўйилган камчиликлар, коррупциявий омилларни келтириб чиқаришнинг олдини олиш мақсадида соҳани рақамлаштириш ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Масъулларга аниқ муддатлари белгиланган топшириқлар берилди.
— Йиғилишда "Йўл харитаси"да белгиланган вазифалар юзасидан амалга оширилган ишлар қайд этилиб, аниқланган камчиликлар ҳам танқид қилинди. Жумладан бошқарма томонидан асоссиз қайтарилган аризалар бирма-бир кўриб чиқилиб, 596 ҳолатда фуқароларнинг аризалари асоссиз қайтарилганлиги танқидий нуқтаи назардан қайд этилди. Бунга йўл қўйган 36 нафар мутахассисга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши белгиланди. Ишчи гуруҳ иштирокида ўтказилган тадбирда соҳада коррупцион ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар билдирилди ва улар қўллаб-қувватланди, — дейди Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Парахат Сейтмуратов.
Ишчи гуруҳ томонидан Нукус шаҳар “Марказий” деҳқон бозорида “Рақамли бозор” концепцияси доирасида амалга оширилган рақамлаштириш ишлари, аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ва нарх-наволарнинг ҳолати ўрганилди
[gallery-26036]
Ўрганишлар давомида ҳудудда коррупциянинг олдини олиш борасида тасдиқланган “Йўл харита”нинг ижроси бўйича бир марталик йиғимлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни онлайн QR-код орқали тўлаш тизимини кенг жорий этиш, бозор ҳудудини назорат қилиш мақсадида кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олиш, бозорга тегишли кўчмас мулк объектларини ижарага бериш тизимини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Автотураргоҳларни рақамлаштириш ва солиқ идоралари билан интеграция қилиш ишларини якунлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, масъулларга қатор топшириқлар берилди. Белгиланган вазифаларнинг ижроси назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА