Ишчи гуруҳ ўрганишлар олиб бормоқда
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Бухоро вилоятида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб- қувватлаш, экспорт прогнози ва инвестиция дастурлари ижроси, шу жумладан, фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш борасида ўрганишлар ўтказмоқда.
Хусусан, Бухоро шаҳрида жойлашган “Нигора” МЧЖ биносида вилоят ҳокими Б.Зарипов, вилоят солиқ ва марказий банк бошқармалари, тижорат банклари ҳамда коммунал соҳа идоралари раҳбарлари иштирокида муаммоли масалалар мавжуд бўлган 28 та тадбиркорлик субъекти билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда тадбиркорлар томонидан билдирилган кредит ажратиш, ер майдони ҳамда биноларни аукцион савдоларига чиқариш, коммуникация тармоқларига уланиш, солиқ ва шу каби бошқа масалаларга доир 35 та муаммо муҳокама қилинди.

Ушбу жараёнда 6 та муаммоли масалаларнинг жойида ижобий ҳал этилиши таъминланди. Қолган муаммоларни тез фурсатларда қонуний ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Шунингдек, “Нигора” МЧЖнинг қиймати 54 миллион долларлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси жойида ўрганилди. Лойиҳани тез фурсатларда ишга туширишга кўмаклашиш борасида масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 840 та янги иш ўрини яратилиши ва йилига 30 миллион долларлик трикотаж маҳсулотлари экспорт қилиниши белгиланган.
Бу борадаги ўрганишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири