Ишчи гуруҳ дарё ўзанлари ҳолатини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раисининг ўрибосари Ризқул Сиддиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятидаги дарё ўзанлари ва йўл хўжалиги объектлари ҳолатини ўрганди.
Ишчи гуруҳ дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровида қайд этилган масалаларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганди. Ишчи гуруҳ таркибига экология, геология, коммунал ва қурилиш соҳалари мутахассислари жалб этилган.
Дастлаб, Жиззах вилояти ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда Жиззах вилоятидаги дарё ўзанлари, кўприклар ва норуда қазилмаларининг бугунги аҳволи муҳокама қилинди. Шундан сўнг, вазиятни жойига бориб кўриш мақсадида Сангзор дарёси ўзани ва дарё устида қурилган автомобил кўприкларининг ҳолатига баҳо берилди.
Таъкидланишича, дарё шағалларининг бино ва йўллар қурилишида ноқонуний ишлатилиши бугунги кунда салбий оқибатларга олиб келмоқда. Тадбир давомида назоратчи ташкилот раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.Бу ишларга мутасадди бўлган корхоналар раҳбарлари огоҳлантирилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА