Ишчи гуруҳ Чуст туманида ўрганиш олиб борди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чуст туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб “Зарафшон” ММТП ҳудудида бошоқли дон экилган майдонлар кўздан кечирилди. Ўрганиш жараёнида буғдой, арпа экинлари тўлиқ униб чиқмаган майдонларни ўғитлаш, суғориш юзасидан тавсиялар берилди.
[gallery-21387]
Шунингдек, “Норхўжаев” номли ММТП ҳудудидаги “Дониёрхон Қизилтепа” фермер хўжалигида бонитети паст бўлган майдонда янги ташкил этилган шафтолизор кўздан кечирилди. 8 гектар майдонда интенсив усулда парваришланаётган кўчатлар май ойида ҳосил бериши кутилмоқда. Шу кунларда кўчатларга ишлов бериш ишлари давом эттирилаётир. Боғни томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Вилоят раҳбари боғ қатор ораларидан ҳам унумли фойдаланиш, етиштирилган мевани экспортга йўналтириш бўйича топшириқлар берди.
Кейинги манзил – “Машъал” ММТП ҳудудидаги “Ҳабибулло Абдуллаев” фермер хўжалигида ғалла майдонига экилган уруғ ҳали тўлиқ униб чиқмаган. Ғаллазорни зудлик билан суғориш, ўғитлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу ўринда вилоят ҳокими туманда ғалла ривожи ортда қолаётганига эътибор қаратиб, ишлов беришни кучайтириш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.
Ўрганиш жараёнида ички суғориш тармоқларини тартибга солиш, бетонлаш, шудгорлашни якунлаш, айрим майдонлардаги чала қолган ғўзапояларни тозалаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ишчи гуруҳ шунингдек, Қайирма маҳалласида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини ҳам кўздан кечирди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА