
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2025 йил март ойида 1190 бирликни ташкил этиб, шу йилнинг февраль ойига нисбатан 19 фоизга ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,2 фоизга сезиларли ошган.
Бу, ўз навбатида, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган. Яъни, хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги опрерациялар сони 3 фоизга камайган. Республика товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 47,8 фоизга ортган. Фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 4,6 фоизга ошган. Товар белгилари бўйича компонент 3,7 фоизга камайган.
Ушбу даврда Ишбилармонлик фаоллиги индексининг ўтган ойга нисбатан барча ҳудудда жумладан, Сирдарё, Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларида сезиларли даражада ўсиши кузатилган.
Шунингдек, 2025 йилнинг март ойида банклараро тўлов операциялари сони 5 923,8 мингтани ташкил этиб, 2025 йилнинг февраль ойига нисбатан 184,4 минг транзакцияга камайган. Банклараро тўлов операциялари сони ўтган ойга нисбатан 9 та ҳудудда камайган.
5 та ҳудудда юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ортган. Хусусан, Сирдарё, Андижон ва Бухоро вилоятларида сезиларли ўсиш кузатилган. Ушбу кўрсаткич Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида камайган.
ИФИнинг биржа компоненти 1,4786 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 47,8 фоизга ошганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 12,5 фоизга камайгани ва тузилган битимлар сони 2,1 марта ортгани билан изоҳланади.
Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йилнинг март ойида 7 389,1млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 9,8 фоизга ортган.
Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йилнинг март ойида 1,0460 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 4,6 фоизга ортган. Шунингдек, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга ошган.
Барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга нисбатан 3 115 бирликка ортиб, 469 296 бирликни ташкил этган.
Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 642 тага ошган.
Ҳисобот даврида кичик корхоналар сони 370 364 тадан 372 887 тага ортган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 91 775 тадан 91 725 тагача камайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 4 684 тани ташкил этиб, февраль ойига нисбатан 642 тага ошган.
Савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 0,9631 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич февраль ойига нисбатан 3,7 фоизга камайган. Март ойида юридик шахслар томонидан 339 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА