Ишбилармон аёл – 2026» танлови ғолиблари аниқланди
Маҳалладаги оддий ғояни даромад манбаига, кичик ташаббусни эса муваффақиятли бизнесга айлантириш учун аввало жасорат, изланиш ва қатъият керак. Сирдарё вилоятида ўтказилган «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танлови ана шундай фазилатлари, ташаббускорлиги ва меҳнати билан ўз ишини ривожлантираётган хотин-қизларни бир майдонда бирлаштирди.
Танловнинг ҳудудий босқичи якунланиб, ўз ғоялари ва эришган натижалари билан ажралиб турган ғолиблар аниқланди.
Дастлабки босқичи маҳаллаларда ўтказилди. Вилоятнинг 220 та маҳалласида «Маҳалланинг ишбилармон аёли» лойиҳаси амалга оширилиб, 3 мингга яқин ташаббускор ва меҳнатсевар аёлнинг фаолияти ўрганилди. Уларнинг тадбиркорлик тажрибаси, эришган натижалари ва янги ғоялари билан танишилди. Кейинги босқичларда туман ва шаҳарларда сараланган иштирокчилар ҳудудий босқичда ўз салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлишди.

Якуний натижаларга кўра, Сайхунобод туманидаги «Даврон орзуси» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Дилдора Норбоева биринчи ўринни эгаллади. Гулистон туманидаги «Камила» нодавлат масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамила Анорқулова иккинчи ўринга сазовор бўлди. Оқолтин туманидаги «Нафиса ширинликлари» якка тартибдаги тадбиркори Нафиса Бойқулова эса учинчи ўринни қўлга киритди.



Ғолиблар ўз фаолиятидаги натижалари, ташаббускорлиги ва ишбилармонлик салоҳияти учун эътироф этилди. Уларга ташкилотчиларнинг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири