Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги қандай белгиланади?
Ҳуқуқий муносабат
Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.
Иш вақтининг қисқартирилган давомийлигини белгилаш борасида Тошкент давлат Юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туевнинг таъкидлашича, иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга, I вa II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга белгиланади.
Шунингдек, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга, уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳам белгиланади.
Асос: Меҳнат кодекси 183-моддаси.
Гулноза Бобоева, ЎзА