Иш берувчилар зиммасига меҳнат жамоасида хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш мажбурияти юклатилади
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, қўмита экспертлари, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда видеоконференцалоқа орқали маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари иштирок этди.
Мажлисда “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланган белгилар қатори “терисининг ранги” ҳамда “сиёсий қарашлари” билан тўлдирилмоқда.
Меҳнат кодекс янги 8¹-модда билан тўлдирилиб, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Ушбу янги норма орқали иш жойида шаҳвоний шилқимлик тушунчаси илк бор меҳнат қонунчилигида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, иш берувчилар зиммасига меҳнат жамоасида шаҳвоний шилқимликдан холи хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш мажбурияти юклатилмоқда.

Мажлисда мазкур қонуннинг халқаро амалиётга мувофиқлиги алоҳида қайд этилди.
Сенаторларнинг фикрича, қонун меҳнат соҳасида барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш, ҳар қандай кўринишдаги камситишларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тавсия этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА