Қисқа муддатли халқаро кузатувчилар Фарғонага келди
Фарғона вилоятида ҳам узоқ муддатли кузатувчилар сайловларга тайёргарлик ҳолатлари, сайловолди ташвиқот ишларини ўрганмоқда.
“Янги Ўзбекистон:Янги сайловлар”. Мамлакатимизда мазкур шиор остида ўтказилаётган бу галги сайлов жараёнларининг адолатли, шаффоф тарзда олиб борилишини кузатиш мақсадида халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда хорижлик кузатувчилар ҳудудларга келмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам узоқ муддатли кузатувчилар сайловларга тайёргарлик ҳолатлари, сайловолди ташвиқот ишларини ўрганмоқда.

Бугун Марғилон ҳамда Қўқон шаҳридаги темир йўл вокзалида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 40 нафар қисқа муддатли кузатувчилари кутиб олинди.
–Миссиямизнинг қисқа муддатли жамоаси бугун сафимизга келиб қўшилди, – дейди узоқ муддатли кузатувчи Бригитт Хойер. – Биз ҳудудлардаги сайлов округлари ва участкаларида бўлиб жараённи қандай ўтаётганлигини кузатиб борамиз.

Шунингдек, бугун яна бир гуруҳ халқаро кузатувчилар вилоятга келиши кутилмоқда. Улар ҳудудлардаги сайлов участкаларида бўлиб, Сайлов кодексида белгиланган меъёрларга нечоғлиқ амал қилиниши, шунингдек, мазкур жараёнлар халқаро сайлов нормаларига қай даражада мувофиқлигини ўрганади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятда бугунги кунда 1 минг 51 та ягона сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, улар белгиланган талаблар асосида жиҳозланди.