Юксак ирода ва матонатга эга инсон кўп нарсаларга қодир бўлади. Буни Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида дунё ҳавас қиладиган натижаларга эришган спортчиларимиз яна бир бор исботлади. Ватанимиз довруғини дунёга таратди.
Юрт байроғини баланд кўтарганлар эса муносиб рағбатлантирилди. Президент ушбу Паралимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари ҳамда спорт делегациямиз аъзоларидан бир гуруҳини тақдирлади. Кўксарой қароргоҳида мукофотларни шахсан Президентнинг ўзи эгаларига топширди.
Ўта самимий ва кўтаринки руҳда ўтган ушбу тадбир иштирокчиларининг баъзилари билан суҳбатлашдик.
Ҳусниддин НОРБЕКОВ, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси, уч карра Паралимпия ўйинлари чемпиони.
– Францияга кетишда менга Ватанимиз рамзи топширилди. Спортчига байроқдорлик катта куч-қудрат бағишлайди. Шунингдек, бу ғурур ва масъулият дегани ҳам. Ядро улоқтириш баҳсларида Паралимпияда рекордини ўрнатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олдим. Ватанимиз тимсоли энг юқорида бўлди, мадҳиямиз янгради. Ўша дамда ғайратимга-ғайрат қўшилди. Янада катта марраларни мақсад қилдим. Президентимизнинг, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши нималарга қодирлигини туйдим. Давлатимиз раҳбарининг кўксимга «Фидокорона хизматлари учун» орденини таққанларидаги ҳолатимни тасвирлаб бера олмайман. Жуда ҳаяжонли. Тадбирда Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги Паралимпия ўйинларида ҳам чемпион бўламан деб ваъда бердим. Халқимизнинг ишончини оқлаш учун бор куч-ғайратимни аямайман.
Сардор АБДУХОЛИҚОВ, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси мураббийси:
– Париж шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларидаги натижаларимиз мамлакатимизда спортга бўлган эътиборнинг мевасидир. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотландим, буни бутун жамоамизга берилган рағбат деб биламан. Бундан олдин – йигирма саккиз ёшимда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони билан тақдирланганман. Ўшанда бу эътибор олдинда бўлажак Паралимпия ўйинларида шогирдларимиз билан яхши натижаларга эришишимиз учун аванс эканлигини ҳис қилганман. Масъулиятни англаган ҳолда меҳнат қилинди, яратилган барча шароитдан фойдаланилди. Натижа шунга ҳамоҳанг бўлди. Бугун бундан жуда бахтиёрмиз. XVII ёзги Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз делегацияси қўлга киритган медалларнинг ўн олтитаси шогирдларимиз ҳиссасига тўғри келди. Президентимизнинг ёшларга қарата маррани катта олинг, ортингизда мен турибман деган гаплари бизга куч бағишлайди. Тан олиш керак, авваллари жисмоний имконияти чекланганларга эътибор камроқ эди. Бу уларни бироз тушкунликка туширарди. Бугун бундай инсонлар давлатнинг, Президентнинг ғамхўрлигини ҳис қилади. Бу меҳр ва рағбат уларни қаҳрамонга айлантирди десам муболаға бўлмайди.
Дилфуза ҲАСАНОВА, Паралимпия ўйинлари чемпиони Асила Мирзаёрованинг онаси:
– Қизим узунликка сакраш бўйича Паралимпия тарихидаги ўттиз йиллик рекордни янгилади. Ватанимизга олтин медаль билан келди. Фарзандинг натижалари учун эл мақтаса, ота-онангга раҳмат деса қалб ғурурга тўлиб кетар экан. Бугун Президентимиз Асилага қарата шижоатда тенгсиз қизим дедилар. “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонини ўзлари тақиб қўйдилар. Бу билан фахрланмай бўладими?! Тўғриси, ёшариб кетгандай бўлдим. Боламнинг ҳам ғайрати жўшиб кетяпти. Лос-Анжелесда 2028 йил бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларида ўзим қўйган рекордни ўзим бузиб, яна чемпион, бўламан деб ният қиляпти. Насиб қилса, бу орзусига ҳам эришади. Чунки мамлакатимизда спортга эътибор жуда катта, машғулотлар учун барча шароит яратилган. Болам бу спорт тури билан 2016 йилдан буён шуғулланади. У жуда кучли ва иродали қиз. Унинг ютуқлари юртимизга, оиламизга қувонч олиб келди. Мана шундай қувончли дамларимиз кўп бўлишини тилайман.
Икром АВВАЛБОЕВ, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА