Қирғовул овчилари қўлга олинди
Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари томонидан Қарши тумани Нуқработ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида назорат рейд тадбири ўтказилди.
Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари томонидан Қарши тумани Нуқработ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида назорат рейд тадбири ўтказилди.
Унда пахта майдони четидаги ички йўлда ов қуроли осиб кетаётган икки нафар шахс тўхтатилиб, текширилганда жами 4 та қирғовул, битта каптарни ноқонуний овлагани аниқланди. Улар текширувчиларга овчилик гувоҳномалари, ов қуролларининг рухсатномаларини кўрсатган.
Хўш, унда улар қандай ноқонуний ҳаракатни амалга оширган?
Ушбу ҳолат бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилганда, икки нафар овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Қашқадарё бўлими томонидан берилган ов йўлланма, яъни путёвкаларида белгиланмаган 4 бош қирғовулни овлашган. Йўлланмада битта каптарни ов қилиш белгилаб қўйилган.
Аслида овчилар бу каби кўзбуямачиликни анъанага айлантириб олган. Йўлланмада битта каптарни расмийлаштириб, овланиши тақиқланган жониворлар ҳам овланмоқда.
Овчилардан ноқонуний ҳаракати учун тушунтириш хатлари ёздириб олиниб, ҳолат юзасидан уларнинг овчилик гувоҳномаси ва ов йўлланмаси ҳамда рухсатсиз овланган 4 бош қирғовул ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидалари фуқароларга яна бир бор тушунтирилди.
Аниқланган ҳолат бўйича фуқароларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида маъмурий жарима белгиланди ва 892 минг сўмдан ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисобланиб, ундириб олиш чоралари кўрилмоқда.