Иқтисодий муносабатларда ҳуқуқий кафолатлар янада кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликка биноан биринчи инстанция судининг қарори устидан шикоят берилганда унинг ижросини юқори инстанция суди тўхтатиб туриш ваколатига эга. Хусусан, Иқтисодий процессуал кодексининг 271 ва 294, 323-моддалари талабларига кўра, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси суди қуйи инстанция суди қарори устидан шикоят берилганда, унинг ижросини тегишли илтимоснома асосида мазкур инстанцияда иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туриши мумкин.

Бироқ ушбу Кодексда суд қарори ижросини тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимосномани рад этиш учун аниқ асослар белгиланмаганлиги сабабли бундай илтимоснома тақдим этилганда, юқори инстанция суди аксарият ҳолларда қуйи инстанция суди қарорининг ижросини тўхтатишига тўғри келмоқда. Мазкур ҳолат тадбиркорлик субъектларининг суд қарори асосида пул маблағларининг ундирилиши жараёнларининг кечикишига сабаб бўлмоқда.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, юқори инстанция судларида кўриб чиқилаётган ишлар бўйича суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш суд ҳужжатининг қайтарма ижроси қийинлашиши ёки имконсиз бўлиб қолиши асослаб берилган ҳолларда қўлланилиши белгиланмоқда.
Бу суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш, тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий муносабатларда ҳуқуқий кафолатларни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА