Иқтидорли ёшлар спортга маҳалланинг ўзида сараланмоқда (видео)
Спортда катта натижага йўл баъзан катта майдондан эмас, маҳалладаги оддий мусобақадан бошланади. Гулистонда 23 та маҳаллага бириктирилган тренер-селекционерлар ёшларнинг спортга қизиқиши ва қобилиятини ўрганди. Натижада жорий йилнинг ўзида 200 га яқин ўқувчи спорт мактабига қабул қилинди.
Бу ҳақда Гулистон шаҳар спорт мактабида «Уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш» мавзусида ташкил этилган пресс-турда маълумот берилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этиб, ёшларни спортга жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, иқтидорини аниқлаш ва ўзига мос спорт турларига йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Айни пайтда спорт мактабида 26 та спорт тури бўйича қарийб 1 500 нафар ўқувчи-спортчи мунтазам машғулот олиб бормоқда. Уларга 50 нафар тренер-мураббий сабоқ бермоқда. Тренерларнинг 37 нафари олий маълумотли бўлиб, улар орасида олий, биринчи ва иккинчи тоифали мутахассислар бор.
Спорт мактабида Олимпия ва Паралимпия дастурларига киритилган спорт турлари билан бир қаторда Осиё ва Параосиё ўйинлари дастуридаги йўналишлар бўйича ҳам машғулотлар ташкил этилган. Бу орқали ёшлар оммавий спортга жалб этилиб, улар орасидан иқтидорли спортчилар сараланмоқда ва юқори натижаларга тайёрланмоқда.
Гулистонда ёшларни спортга жалб этишда уларнинг спорт мактабига келишини кутиб ўтирмасдан, яшаш ҳудудининг ўзида қобилиятини аниқлашга эътибор қаратилган. Шаҳарнинг 23 та маҳалласига тренер-селекционерлар бириктирилган. Улар жойларда оммавий спорт мусобақалари, жисмоний тарбия тадбирлари ва машғулотлар ташкил этиб, ёшларнинг спортга қизиқиши ҳамда муайян йўналишдаги қобилиятини ўрганди.
Сараланган ёшлар қобилиятига мос спорт турларига йўналтирилиб, спорт мактабида мунтазам машғулотларга жалб этилди. Шу йўл билан жорий йилнинг ўзида 200 га яқин ўқувчи спорт мактабига қабул қилинди.
Бу ишда умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Шаҳардаги 19 та умумтаълим мактабида фаолият юритаётган 110 нафардан зиёд жисмоний тарбия ўқитувчиси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мактабларда ташкил этилган спорт тўгараклари фаолияти ўрганилиб, спортга қизиқиши ва қобилияти юқори ўқувчилар аниқланмоқда.
[gallery-31609]
– Ёшларни спортга жалб қилишда маҳалла ва мактаблар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Жойларда ташкил этилаётган мусобақалар орқали спортга қизиқиши ва қобилияти бор ёшларни аниқлаб, уларни ўзларига мос спорт турларига йўналтиряпмиз. Бу ишларни янада кучайтириш ва қамровни кенгайтиришни мақсад қилганмиз, – дейди Гулистон шаҳар спорт мактаби директори Исроил Исмоилов.
Манзилли иш ва мунтазам машғулотлар спортчилар эришаётган натижаларда ҳам намоён бўлди. Бугунга қадар спорт мактабида Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича 100 га яқин чемпион ва совриндорлар етишиб чиққан.
Жумладан, параспортчи Зиёда Боқижонованинг Осиё ўйинларида биринчи ўринни эгаллагани, парашахмат бўйича Бухорода ўтказилган мусобақада 18 нафар ўқувчининг ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олгани спорт мактаби тарбияланувчиларининг ютуқларидандир. Дзюдо бўйича Осиё чемпионатида ҳам спорт мактаби вакили совринли ўринни қўлга киритди. Бокс, дзюдо, парапауэрлифтинг, парашахмат, каратэ ва голбол каби спорт турларида ҳам натижалар қайд этилган.
Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароитларни яхшилашга ҳам эътибор қаратилган. «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида икки қаватли, 15х20 метр ўлчамдаги спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тўплар, тренажёрлар, татами ва бошқа зарур спорт жиҳозлари харид қилинди.
Спорт мактабидаги фаолият фақат ёшлар билан чекланиб қолмади. Шу куни муассасада 30–70 ёш ва ундан катта фуқаролар ўртасида «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларига ҳам старт берилди.
Синовлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва фуқароларнинг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Анвар Туйчиев ҳамда Гулистон шаҳар спорт мактаби директори Исроил Исмоилов иштирок этиб, спорт синовларига расман старт берди ва қатнашчиларга омад тилади.
Синовларда шаҳар нуронийлари, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, маҳалла фаоллари ва бошқа фуқаролар иштирок этди. Қатнашчилар жисмоний машқларни бажариб, ўз тайёргарлик даражасини синаб кўрди.
Турли ёшдаги фуқароларнинг бир майдонда спорт синовларида иштирок этгани эса соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликка қизиқиш тобора кенгаяётганини кўрсатди.
Муҳими, ўтказилган Пресс-тур давомида журналистлар ва блогерлар спорт мактабидаги машғулотларни кузатиб, ёшлар билан ишлаш жараёни, селекция тизими, спорт синовлари ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Тадбир якунида спорт мактаби раҳбарияти ва мутахассислар иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари