Иқтидорли ёшлар рағбатлантирилди
Андижон давлат чет тиллари институтида илм-фанни ўрганиш йўлида юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ва ташаббускор талабаларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, ўз салоҳиятларини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, илм-фан ривожига берилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Шунингдек, изланувчан, юқори натижа, салмоқли ютуқларга эришган талабаларни муборакбод этди ва стипендия соҳибларига махсус диплом ва пул мукофотлари топширилди.
[gallery-27746]
– Жорий ўқув йилида Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлдим. Ўқиб, ўрганиш, ушбу муваффақиятга эришишимда устозларимнинг хизматлари жуда катта. Шу ўринда устозларимнинг барчасига миннатдорлик билдириб, келгусида Навоий стипендияси соҳиби деган номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан, – дейди институт инглиз филологияси, ўқитиш методикаси ва таржимашунослик факультети 3-босқич талабаси Равшанбек Собиржонов.
Шунингдек, тадбирда катта ютуқларга эришган талабаларнинг илмий раҳбарлари, ота-оналари ҳам институт маъмуриятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, талабаларга улкан рағбат беришга хизмат қилган мазкур тадбирда талаба-ёшлар томонидан тайёрланган бадиий дастур, ижро этилган куй-қўшиқлар кечага ўзгача руҳ бағишлади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.