Иқтидорли ижодкор ўқувчилар сараланди
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида “Ижод ёшлари” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўқувчиларнинг назм, наср, бадиий публицистика, адабиётшунослик йўналишлари бўйича истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, ижодкор ўқувчиларни эрта аниқлаш, ўзбек ва жаҳон адабиётига бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида икки босқичда танлов ўтказилди. Вилоят босқичида унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган, 4-, 5- ва 6- синфларида таҳсил олаётган 60 нафарга яқин иқтидорли ўқувчи иштирок этди.
[gallery-23223]
Иштирокчилар ўзлари ўқиган фанлар бўйича ўрганиш, англаш, мулоҳаза қилиш сингари қатор йўналишларда тузилган саволлар доирасида матн тузиш ва ижодий суҳбат шартлари асосида билим ҳамда истеъдодларини синовдан ўтказди.
Танлов адолатли, шаффоф, онлайн кузатув асосида ўтказилди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, энг яхши натижага эришган уч нафар 6-синф ўқувчиси ғолиб деб топилиб, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабига имтиҳонларсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.
Танловда ғолиб бўлган 4- ва 5- синф ўқувчилари эса 6- синфда ўқиётган йили танловнинг вилоят босқичида бевосита қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғолиблар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари