Иқлимга мослашиш – келажак авлодлар олдидаги устувор стратегик вазифа
Бугун иқлим ўзгариши инсоният олдидаги энг жиддий глобал миқёсдаги долзарб муаммолардан бирига айланган бўлиб, унинг оқибатлари, айниқса, Оролбўйи минтақасида яққол намоён бўлмоқда.
Шу боис, минтақада олиб борилаётган мослашув сиёсати, халқаро ҳамкорлик ва замонавий технологияларнинг аҳамияти хусусида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси агентлиги раҳбари Биродаржон Бурхонжонов билан суҳбатлашдик.
– Оролбўйи минтақаси иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган ҳудудлардан бири ҳисобланади, – деди Б.Бурхонжонов. – Орол денгизининг қуриши натижасида минтақа микроиқлим кескин ўзгарди, ҳаво ҳарорати ошди, ёғингарчилик камайди, шамол фаоллиги ортди, чанг-тўзонли бўронлар сони кўпайиши кузатилмоқда. Буларнинг барчаси ер ресурслари деградациясига, сув танқислигига ва биохилма-хилликнинг камайишига сабаб бўлмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги самарадорлиги пасайяпти, ичимлик сув таъминотига босим ортяпти, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғилмоқда.
Шуларни инобатга олиб давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқаро миқёсда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва иқлимга мослашиш бўйича кўплаб ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида” махсус резолюция қабул қилинди. 2025 йил сентябрь ойида эса Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлигини яна бир бор таъкидлади.
– Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан қандай фикр билдирасиз?
– Мазкур саммит экологик хавф-хатарларнинг ўзаро чуқур боғлиқлиги ва уларни биргаликда ҳал қилиш зарурлигини ифода этадиган “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” деган бош ғоя остида ўтди ва Ўзбекистон бу ғояни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу анжуманда сўзлаган нутқида Ўзбекистон экологик барқарорликни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлади. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги “яшил белбоғ”лар яратилаётгани, сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида йилига 10 миллиард метр куб сув иқтисод қилинаётгани айтиб ўтилди.
Президентимиз эътироф этганидек, Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш ҳам минтақа келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Бу атлас минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланади.
Экологик кун тартибини илгари суриш доирасида шу йилнинг 31 май-5 июнь кунлари Самарқандда Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси, сентябрь ойи охирида эса Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми бўлиб ўтиши эълон қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида ҳам минтақавий экологик муаммоларни ҳал этиш, Оролбўйи ҳудудини тиклаш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади. Давлатимиз раҳбари жамғармани минтақавий интеграциянинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш ниятини билдирди. Шу муносабат билан Ўзбекистон раислигининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтди. Бунда жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш, жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш, дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш, бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқларимизнинг сувга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш каби таклифлар билдирилди.
Давлатимиз раҳбари 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ва минтақа мамлакатларида Сув ҳафталикларини мунтазам ўтказиб боришга қаратилган ташаббуслар амалга оширилишига умид билдирди.
Ўзбекистон Президенти қўшни мамлакатлар етакчиларини шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга яна бир бор таклиф этди.
Тадбир якунида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари имзолаган Остона баёноти, Қозоғистон раислигининг бориши, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ҳамда Сирдарё куни деб эълон қилиш ҳамда Ўзбекистон етакчисини 2027-2029 йилларда жамғарма президенти этиб сайлаш тўғрисидаги қарорлар келгуси фаолият учун устувор йўналишларни белгилаб берувчи муҳим ҳужжатлардир.
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тизимида иқлим ўзгаришига мослашиш борасида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
– Оролни қутқариш халқаро жамғармаси иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқувчи муҳим институционал марказ ҳисобланади. Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш чора-тадбирларини амалга оширишда жамғарма тизимида фаолият юритаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси агентлиги муҳим ўрин тутади.
Айни пайтда агентлигимиз бир нечта муҳим йўналишларда фаол ишлаяпти. Биринчидан, “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо этиш (II босқич)” лойиҳаси доирасида кўллар тизимини барқарор сув билан таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, гидрологик режим тартибга солинди. Иккинчидан, “Муйноқ” каналининг реконструкция қилиниши натижасида сув ўтказиш қобилияти сезиларли даражада оширилди, сув тақсимоти самарадорлиги яхшиланди. Учинчидан, “Рыбачье” сув омбори дамбасини реконструкция қилиш доирасида гидротехник иншоотлар мустаҳкамланди, сув чиқариш тизимлари модернизация қилинди ва эрозия хавфи камайтирилди.
Экологик тикланиш йўналишида Ахантай ва Аққум ҳудудларида ҳимоя ўрмонлари барпо этилмоқда. Қуриган денгиз тубида амалга оширилаётган ўрмон-мелиоратив тадбирлар шамол эрозияси ва туз кўчиш жараёнларини камайтиришга хизмат қилмоқда.
– Аҳолини иқлим ўзгаришига мослаштириш борасида қандай ижтимоий тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Экологик барқарорликни таъминлашда ижтимоий йўналиш муҳим ўрин тутади. Ёшлар ўртасида экологик маданиятни оширишга қаратилган танловлар, маърифий акциялар ва тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда. Шунингдек, маҳаллий аҳоли ва фермер хўжаликлари учун сув ва ер ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг замонавий моделлари жорий қилиняпти.
Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ерларни оқилона бошқариш ва иқлим ўзгаришига мослашган қишлоқ хўжалиги амалиётларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар натижасида нафақат экологик муаммоларни юмшатиш, балки аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва ҳудуднинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини кучайтиришга эришилмоқда.
– Рақамли технологиялар ва замонавий илмий ёндашувлар иқлим ўзгаришларига мослашиш жараёни самарадорлигини оширишда қандай роль ўйнайди?
– Ҳозирги босқичда иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнлари фақат анъанавий усуллар билан чекланиб қолмаяпти. Хусусан, гидрологик ва метеорологик маълумотларни реал вақтда мониторинг қилиш, сунъий йўлдош тасвирлари асосида ҳудудлар ҳолатини таҳлил қилиш, сув ресурсларини режалаштириш ва оптимал тақсимлаш, рақамли платформалар асосида маълумотларни йиғиш ва бошқариш каби замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Бу усуллар иқлим ўзгариши таъсирини барвақт аниқлаш, хавфларни камайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Шу билан бирга, Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларини самарали амалга оширишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) билан биргаликда сув ресурсларини барқарор бошқариш ва интеграциялашган ёндашувларни жорий этиш орқали ҳудуднинг иқлимга чидамлилигини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. “Global Water Partnership” (GWP) билан ҳамкорликда сув хавфсизлигини таъминлаш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш механизмлари ривожлантирилмоқда. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида эса Оролбўйи сув-ботқоқ ҳудудларининг экотизимлари мониторинг қилинмоқда.
Зеро, илмий ёндашув, замонавий технологиялар ва институционал ҳамкорлик орқали ҳатто энг мураккаб экологик инқироз шароитида ҳам барқарор ечимларга эришиш мумкин. Иқлимга мослашиш - бу фақат бугунги кун вазифа эмас, балки келажак авлодлар олдидаги устувор стратегик вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.