Иқлим ўзгариши Ўзбекистон учун ҳам жиддий хавфлардан биридир
15 май — Халқаро иқлим куни
Экология соҳасида халқаро ташаббуслардан бири сифатида 15 май — Халқаро иқлим куни этиб белгиланган. Бундан мақсад иқлим ўзгариши муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборатдир.
Мазкур экологик сана иқлим ўзгариши хавфлари ҳақида аҳолини хабардор қилиш, иссиқхона газлари чиқарилишини камайтиришга чақириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини тарғиб қилиш, табиатни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, шунингдек, аҳолини, жамоат ташкилотларини экологик фаолликка жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу сана ва унинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Ҳар йили 15 май санаси дунёда Халқаро иқлим куни сифатида қайд этилади. Ушбу сана инсоният эътиборини глобал иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик муаммоларга қаратишга хизмат қилади.
Бугунги кунда иқлим ўзгариши нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий муаммога ҳам айланиб улгурди. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб кузатилаётган кескин исиш, қурғоқчилик, сув танқислиги, музликларнинг эриши, ўрмон ёнғинлари ва табиий офатлар сонининг ортиши иқлим ўзгаришининг аниқ белгиларидир.
Мутахассисларнинг фикрича, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар, саноат ва транспорт чиқиндилари ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш бу жараённи янада тезлаштирмоқда.
Иқлим ўзгариши Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам жиддий хавфлардан бири ҳисобланади. Сув ресурсларининг камайиши, чўлланиш жараёнининг кучайиши ва ҳаво ҳароратининг ортиши қишлоқ хўжалиги, аҳоли саломатлиги ва экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, Орол денгизи фожиаси бутун минтақа учун экологик муаммонинг оғир оқибатларини намоён этмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда сўнгги йилларда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб дарахт ва буталар экилаётгани ҳам экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро иқлим куни нафақат давлатлар ва халқаро ташкилотлар, балки ҳар бир инсон учун ҳам масъулиятни англатади. Табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, сув ва энергияни тежаш, чиқиндиларни камайтириш, дарахт экиш ва экологик маданиятни шакллантириш — ҳар биримизнинг келажак олдидаги бурчимиз. Зеро, табиатни асраш — келажакни асраш демак. Иқлим ўзгаришига қарши курашда барчамизнинг биргаликдаги ҳаракатимиз самара беради.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди,
ЎзА