Иқлим муаммосини енгишда Ўзбекистоннинг роли
Бугунги кунда иқлим ўзгаришининг салбий оқибати барқарор ривожланишга ва халқаро хавфсизликка жиддий хавф солмоқда. Тобора кўп ва янада долзарб шаклда БМТ минбарида кўтарилаётгани ҳам айни муаммо жиддийлигини кўрсатади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда Ташкилот қароргоҳида бўлиб ўтган брифингда чиқиш қилиб, “Глобал исиш даври тугади, глобал қайнаш даври бошланди”, дея бежиз таъкидлагани йўқ. У “Янги кун тартибимиз” номли маърузасида сайёрамиздаги уч инқирозни келтириб ўтган: иқлим ўзгариши, биолошия хилма-хиллиги йўқолиши ва сайёранинг ифлосланиши.
Ушбу муаммолар бугунги кунда глобал исиш оқибатини мунтазам бошидан кечираётган Марказий Осиё учун жуда долзарб. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи янги ҳисоб-китобига кўра, 1850 йилдан бошлаб дунёда ҳарорат ўртача 1,1ᵒC кўтарилган. Айни пайт минтақамизда ҳарорат ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан юқори – 2,2ᵒC.
Салбий оқибат бугун яққол намоён ва экспертлар фикрича, бундан кейин вазият фақат ёмонлашади.
Салбий ҳолатнинг биринчи сабаби – музликлар эриши. Марказий Осиёнинг асосий сув артерияси бўлмиш Амударё ва Сирдарёнинг 50 фоизгача қор ва муз қоплами сўнгги 70 йилда 30 фоиз қисқарди. Яқин 20 йил ичида оқим 15, аҳоли жон бошига сув билан таъминланганлик 25,
қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоиз камайиши кутиляпти.
Сўнгги 20 йил Ўзбекистонда аҳоли жон бошига сув билан таъминланганлик 3 минг куб3дан 1,5 минг куб3га, яъни 2 баробар камайди.
Иккинчидан, гидрологик циклдаги ўзгариш табиий офат сони сезиларли даражада ошишига олиб келмоқда. Статистика шуни кўрсатадики, 2011-2022 йилларда қайд этилган 126 табиий офатдан 46 фоизи зилзила, 27 фоизи сув тошқини, 13,5 фоизи кўчки, 8,7 фоизи кучли бўрон, 1,6 фоизи табиий ёнғин, 0,8 фоизи тўхтовсиз оқим туфайли содир бўлган.
Ҳар йили Марказий Осиёда 3 миллионгача киши табиий офатдан азият чекади. Ўзбекистонда бу рақам 1,4 миллионга тенг. Бу ҳодисалар қарийб 3 миллиард доллар зиён келтиради.
Умуман, сув етишмовчилиги ва қурғоқчилик кучайиши биология хилма-хиллигига, яйловга, чорвачиликка ҳалокатли таъсир кўрсатади, нафас йўли касалликлари кўпайиши ва бошқа хавфларни келтириб чиқаради.
Бу омиллар аҳоли сони ўсиши, иқтисодиёт ривожланиши билан бирга Ўзбекистон ва бутун минтақа учун салбий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келади, сув, озиқ-овқат таъминотига, энергетика хавфсизлигига таҳдид солади, экологик муаммоларни кескинлаштиради. Ҳозир ҳар дақиқада минтақамиздаги 9 квадарт метр серҳосил майдон саҳрога айланмоқда. Прогнозга кўра, 2050 йилга бориб иқлим ўзгариши натижасида Амударё ва Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурслари қисқариши минтақавий ЯИМ 11 фоиз пасайишига олиб келиши мумкин. Бу вақт Марказий Осиёда 2,4 миллион нафар “иқлим мигранти” пайдо бўлади ва улар фаровонроқ жойларга кўчади.
Ўзбекистонда 2016 йил Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарлигига сайланиши билан атроф-муҳит, қишлоқ ва сув хўжалиги сиёсати тубдан қайта кўриб чиқилди. 2017 йил Ўзбекистон Париж битимини имзолагач, асосий қисмини миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса бўйича иссиқхона газини қисқартиришга оид бандлар ташкил этувчи қатор мажбуриятларни зиммасига олди. 2021 йил мамлакатимиз ўз мақсадини янада аниқлаштирди ва янгиланган миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссани қабул қилди. Янги мажбурият 2030 йилда ЯИМ бирлигига нисбатан солиштирма ажратмани 2010 йилдаги даражадан 35 фоиз қисқартиришдан иборат.
Шунингдек, Ўзбекистон экология масаласини ҳал қилиш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун қатор концептуал ҳужжатларни қабул қилди. Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси, 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси шулар жумласидан. Умуман, республикамизда табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 40 дан ортиқ қонунни жамлаган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилган.
Экология муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ўзгартирилди. Иқлимшунос мутахассислар тайёрлаш соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларни табиатни муҳофаза қилиш соҳасига фаол жалб қилиш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ташкил этилди.
“Яшил Макон” лойиҳаси доирасида 400 миллион дона манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилди. “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишда ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш ва республикамизда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизгача ошириш режалаштирилган. Шунингдек, республикамизнинг 10 ҳудудида аэробиологик мониторинг тизимини йўлга қўйиш ҳамда шаҳар, туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун “жамоат хиёбонлари” яратиш кўзда тутилган.
Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган иқлим билан боғлиқ ва ижтимоий-иқтисодий муаммолар кучайишига йўл қўймаслик мақсадида Орол бўйида 1,8 миллион гектар уруғли ва чўл ўсимлиги ўрмони барпо этилди. 2030 йилгача 2,3 миллион гектар майдонни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган.
Кам углеродли энергетикага ўтиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш таъминланмоқда. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 минг мегаваттга, умумий ишлаб чиқариш таркибида 14 фоиздан 40 фоизгача ошириш назарда тутилган. Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари ва ресурсларни тежовчи технологияни тезкор жорий қилиш орқали 2030 йилга бориб энергия сарфини 2 баробар, 2050 йилгача эса энергетика тармоғида углерод бетарафлигига эришишни режалаштирмоқда.
Сув ресурсларини тежаш борасида ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон сувни тежовчи технология жорий қилинган майдонлар бўйича Исроил, АҚШ, Россия, Испания, Бразилия ва Италиядан кейин 7-ўринни эгаллаган.
2018 йилгача ресубликамизда 28 минг гектар майдонда сув тежовчи технология жорий қилинган эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 1 миллион гектарга етди. 2030 йилгача сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоиз ошириш белгиланган. Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технология билан қамраб олинган умумий ер майдони 2 миллион гектарга, сув тежовчи технология ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қуввати 300 минг гектарга етказилади.
Иқлим муаммоси транчегаравий хусусият касб этишини англаган ҳолда, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш ва оқибатга мослашиш масаласида Марказий Осиё минтақасини бирлаштириш сари ҳаракатни сезиларли даражада фаоллаштирди.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлаб, иқлим барқарорлигини, “яшил” ривожланишни таъминлашга қаратилган иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия қабул қилишни таклиф этди.
“Бир камар, бир йўл” учинчи Халқаро форуми доирасида ҳам давлатимиз раҳбари иқлим муаммосига батафсил тўхталди: “яшил ривожланиш”ни стратегик муҳим вазифа сифатида белгилаб, нафақат ўз халқи, балки бутун минтақа олдидаги юксак масъулиятни намоён этди. Бундай ёндашув ва сиёсий ирода Ўзбекистон раҳбарига Марказий Осиё давлатларини бирлаштириш, минтақа мамлакатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатини “яшил” ривожланиш йўлига изчил йўналтириш имконини беради.
Айни дам Ўзбекистон бошқа халқаро учрашувларда ҳам иқлим масаласини илгари суришни фаоллаштирган. Хусусан, ШҲТ доирасида давлатимиз раҳбари декарбонизация ва “тоза” технологияни жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини, сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни ривожлантириш масалалари бўйича саъй-ҳаракатларни янада яқиндан мувофиқлаштириш орқали амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ўн олтинчи саммитида Ўзбекистон раҳбари 2024 йил бўлажак Самарқанд иқлим форуми доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформанинг биринчи анжуманини ўтказиш таклифини билдирди. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида вазирлик даражасида доимий фаолият юритадиган Туркий экология форумини тузиш фикри янгради.
БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясида давлатимиз раҳбари Орол фожеаси оқибати ва ҳукуматлар томонидан вазиятни юмшатиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб, Сув ресурслари бўйича БМТ махсус вакили лавозими ва “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни таъсис этиш таклифини киритди.
Самарқандда илк бор 13-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтган БМТ Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессиясида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва бундай ҳодисалар келтириб чиқараётган ижтимоий, экологик муаммолар оғир таъсирини тўлиқ ҳис этаётганини яна бир марта таъкидлади. Шу сабаб, давлатимиз раҳбари халқаро экспертлар ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг қум ва чанг бўрони бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.
БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Доиравий конвенциясига аъзо давлатлар йиллик конференцияси Ўзбекистон учун муҳим платформа саналади. Тузилманинг навбатдаги йиғилиши жорий йил Дубайда бўлиб ўтади.
Мамлакатимиз 1993 йил БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Доиравий конвенциясига аъзо бўлди. Ўзбекистон Конвенция аъзоси сифатида иқлим бўйича ҳисоботлар – Миллий ахборот, Икки йиллик ҳисобот, Мослашиш режасини тайёрлайди ва Конвенция котибиятига тақдим этади, миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссани ишлаб чиқади ва янгилайди. Айни кунларда Ўзбекистон Республикасининг иқлим ўзгариши бўйича Тўртинчи миллий ахборотини тайёрлаш ишлари якунланмоқда, Ҳужжатда маамлакатимиз сўнгги 5 йилда иқлим ўзгаришига қарши фаолияти акс этади.
2021 йил Глазгода бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича 26- анжуманида Марказий Осиё мамлакатлари ягона павильонда таништирилгани ва халқаро ҳамжамият эътиборини Марказий Осиёда иқлим муаммосига қаратадиган қўшма коммюнике эълон қилингани ҳам мазкур майдончанинг Марказий Осиё мамлакатлари учун нақадар муҳимлигини кўрсатади.
2022 йил Шарм-ал-Шайхда бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Доиравий конвенцияси аъзолари конференцияси 27-сессиясида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Танзила Норбоева чиқиш қилиб, мамлакатимиз дунё ҳамжамияти билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади. Иқлим кенгашини ташкил этиш таклифини билдирди. Кенгаш иқлимга мослашиш, ернинг чўлланиши ва деградацияга учраши, сув тежайдиган технологияни жорий қилиш лойиҳасини илгари суришда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш имконини беради.
Дунёнинг, деярли, барча мамлакатлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари йиғиладиган 28-форум иқлим ўзгаришига қарш курашиш, оқибатни юмшатиш, бу борадаги стратегияни молиялаштириш, “яшил энергетика”га ўтиш соҳасида халқаро саъйаракатни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Ўзбекистоннинг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Доиравий конвенцияси аъзолари конференцияси 28-сессиясидаги иштироки мамлакатимиз иқлим ўзгаришига қарши глобал курашга содиқлиги рамзидир. Албатта, тадбир иқлим ўзгариши билан боғлиқ муҳим ташаббуслар билан чиқиш қилиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш, барқарор келажак учун жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.
Анвар Хўжаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими