Ипотека ва кредит карталари рекорд даражада ўсди
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида банк тизими кредит портфели барқарор ўсишни намоён этди. Айниқса, аҳолига ажратилган ипотека кредитлари, кредит карталари ҳамда юридик шахслар учун лизинг ва факторинг хизматлари юқори суръатларда ўсгани қайд этилди.
2026 йил 1 июль ҳолатига республика банк тизимининг жами кредит қолдиғи 642,8 триллион сўмни ташкил этди. Бу йил бошига нисбатан 6,4 фоиз ёки қарийб 38,8 триллион сўмлик ўсиш демакдир.
Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи йил бошидан 7,1 фоизга ошиб, 235,9 триллион сўмга етди. Бу йўналишда энг катта улушни ипотека кредитлари ташкил этмоқда. Уларнинг ҳажми 9 фоизга ўсиб, 86,6 триллион сўмга етган.
Аҳолини кредитлаш таркибида энг юқори ўсиш суръати кредит карталари ва овердрафтлар ҳиссасига тўғри келди. Ушбу йўналишда ўсиш 29,8 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, микрокредитлар 13,1 фоизга, истеъмол кредитлари 5,1 фоизга, микроқарзлар эса 3,5 фоизга кўпайган. Автокредитлар ҳажми деярли ўзгармаган бўлиб, ўсиш 0,3 фоизни ташкил этган. Таълим кредитлари эса 0,9 фоизга камайган.
Юридик шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 406,9 триллион сўмга етди ва йил бошига нисбатан 6,1 фоизга ошди. Шундан кредит ташкилотлари бўлмаган юридик шахсларга ажратилган маблағлар 379,5 триллион сўмни ташкил этиб, 5,5 фоизга кўпайган.
Юридик шахсларни молиялаштиришда айрим молиявий инструментлар янада фаоллашди. Хусусан, банклараро кредитлар 52,1 фоизга, лизинг ва факторинг хизматлари 25,7 фоизга, микрокредитлар 18,1 фоизга ўсди. Шу билан бирга, синдикатлаштирилган кредитлар қолдиғи 9,5 фоизга қисқариб, 4,3 триллион сўмни ташкил қилди.
Таҳлилларга кўра, йилнинг биринчи ярмида кредитлаш фаоллиги ҳам аҳоли, ҳам тадбиркорлик субъектлари ўртасида барқарор давом этган. Аҳоли томонидан уй-жой сотиб олишга бўлган талаб ипотека кредитлари ўсишида муҳим омил бўлган бўлса, юридик шахслар учун лизинг ва факторинг хизматларининг кенгайиши ишлаб чиқариш ҳамда бизнес фаоллигини молиялаштиришга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади.
Экспертлар фикрича, кредитлаш таркибидаги мазкур тенденциялар иқтисодиётда инвестициявий фаоллик сақланаётгани, аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганини англатади. Марказий банк томонидан эълон қилинган рақамлар мамлакат молия бозорида кредитлаш жараёнлари изчил ўсиш суръатларини сақлаб қолаётганини тасдиқламоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА