Ипакчилик соҳасида кадрлар салоҳияти оширилмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова бошчилигида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Иқболжон Эргашев, Тошкент давлат аграр университети ректори в.в.б Соҳибжон Исломов ҳамда бир қатор профессор ва олимлар иштирокида Республика ипакчилик тармоғига мутахассис кадрлар етказиб бериш масалалари юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Унда олий ўқув юртлари томонидан ипакчилик тармоғига мутахассис кадрларнинг етказиб берилиши ва бунинг натижасида соҳадаги бир қатор камчиликлар, хусусан, ипак қуртининг инкубаторияда жонланиши ва ундан кейинги босқичларда тўғри парвариш этилишига эътибор берилиши муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳар бир вилоятда ипак қурти уруғлари сифат кўрсаткичини белгилаб берувчи лабораториялар ташкил этиш топшириғи берилган эди. Бугунги учрашувда ҳам айни лабораториялар учун мутахассис кадрлар зарур эканлиги, шу йўналишда таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ўқиш шароитларини яхшилаш, талабалар турар жойларида кун тартибини назорат қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида Зулайҳо Маҳкамова Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида ҳам бўлиб, уруғлари Хитой давлатидан олиб келиб экилган канакунжут плантацияси билан танишди.
Шунингдек, институтнинг қуртхонасида тажриба сифатида парвариш этилаётган канакунжут ипак қуртлари кўздан кечирилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, канакунжут ипак қуртларининг уруғлари Хитойдан олиб келиниб, Ўзбекистон шароитига мослашувчанлик даражасини аниқлаш мақсадида Ипакчилик илмий- тадқиқот институтида тажриба сифатида парвариш қилинмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/oZZm4oXU3Vk?si=K2KH4c5mTIVjI4Qi" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева, ЎзА