“Ипак йўлида” фильми кинофестивал ғолиби бўлди
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида “Bastau IFF” халқаро талабалар ва дебютантлар кинофестивали бўлиб ўтди.
Мазкур кинофестивалда Европа, Осиё ва Америка мамлакатларидан ёш киноижодкорлар, талабалар ва дебютант режиссёрларнинг кинофильмлари сараланиб, энг муносиблари мукофотланади.

Фестивалнинг бу йилгисида мамлакатимиздан Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган “Ипак йўлида” қисқа метражли фильми “Энг яхши қисқа метражли фильм” номинациясида ғолиб бўлди.
Фильм сценарий муаллифи Шоҳжаҳон Субҳонов, постановкачи режиссёр Шерзод Назаров, постановкачи оператор, Диёр Исматов, рассом Эркин Ҳушматов, бадиий раҳбар Али Ҳамроевлар томонидан суратга олинган.
Кинематография агентлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, “Ипак йўлида” қисқа метражли фильми “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг бош соврини “Гран-При” ҳамда АҚШнинг AWFF-2021 («Asian World Film Festival») халқаро кинофестивалида “Осиёнинг энг яхши қисқа метражли фильми” номинацияси бўйича ғолиб бўлган.
Гулноза Бобоева, ЎзА