“Ипак” бадиий фильми суратга олинади
Маълумки, ўзбек ипакчилиги кўп асрлик тарихга эга. Бугун бу соҳа янада ривожланиб бормоқда. Ташаббускор, заҳматкаш ва фидоий пиллакорларимизнинг ҳаёти ва иш фаолиятини, ипакчиликнинг бугунги илғор натижаларини киноларда акс эттирсак, шу орқали келажак авлодга намуна сифатида етказсак арзийди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда “Ипак” бадиий фильмининг суратга олиш ишларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда фильмни тасвирга олиш жойлари ва унда иштирок этувчи қаҳрамонларни танлаш, кинода тизим фаолиятини кенг талқин этилиши каби масалалар муҳокама қилинди. Ипакчиликнинг қадимий тарихи ва бугунги имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов фильм ижодкорларига тасвирга олиш жараёнларини амалга ошириш учун барча шароит ва имкониятларни яратиб беришини таъкидлади.
– Мухими, сифатли ва асрлар давомида кўришга арзигулик кино бўлиши лозим, – деди Б.Шарипов. – Фильмда бош қаҳрамоннинг соҳани ривожлантиришдаги қийинчилик даврларидан тортиб юқори натижаларга эришгани ҳам акс этгани маъқул. Шунингдек, ипак қуртини парвариш қилиш, пилла етиштириш жараёнлари, ип-калава ишлаб чиқариш ва уларни чуқур қайта ишлаш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳияти каби барча ҳолатларнинг кўрсатилиши, фильм савиясини янада оширади.
Кинематография агентлиги вакилларининг маълумотига кўра, “Ипак” бадиий фильмининг давомийлиги 1 соат 30 дақиқалик бўлиб, сценарий муаллифи Бахтиёр Карим, пастоновкачи режиссёр Илҳом Магаметибрагимов, постоновкачи оператор Жамшид Ганиев, фильм директори Иззатилла Рашидов, студия раҳбари Қудратилла Файзуллаев ва картина директори Беҳзод Далиевлар томонидан суратга олинади.
Гулноза Бобоева, ЎзА