"Ипак: анъанадан замонавийликка"
Пойтахтимизда BAHOR France иштирокида “Ипак: анъанадан замонавийликка” номли махсус мода намойиши ташкил этилди.
BAHOR France — бу Франциянинг Лион шаҳрида ватандошимиз Навбаҳор Ханиязова томонидан асос солинган, Ўзбекистон ва Франция маданиятини боғловчи машҳур эко-мода ва ипак маҳсулотлари бренди. Бренд асосан ўзбек миллий табиий ипаги (атлас, адрас, икат) ва Лион ипакчилик анъаналари уйғунлигида юқори сифатли кийимлар, келинлик либослари ва уй текстили (ипак ёстиқ жилдлари, кўрпалар) ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Тадбир давомида миллий либослар, ўзбек ипакчилик анъаналари ва замонавий мода йўналишларининг ўзаро уйғунлиги намойиш этилди.
Тадбирда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Анри Брендерс, Лион шаҳри Ипакчилик уйи ассоциацияси президенти, шунингдек, Ўзбекистон ва Франциядан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА