Инвестиция лойиҳалари самаралари
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни томонидан фармацевтика саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни томонидан фармацевтика саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, фармацевтика саноатида ишлаб чиқариш жараёнини маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика саноатида бир юз ўттизга яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан тўқсонга яқини “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни тизимидаги корхоналардир.
Инвестиция дастурлари доирасида фармацевтика саноатига ҳам хорижий сармояларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаш, аҳолининг сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
«Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни томонидан жорий йилда элликка яқин лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг самарасида корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириш, халқаро сифат менежменти тизимини жорий этиш, фармацевтика бозорини сифатли дори воситалари билан тўлдириш ва экспортни кенгайтиришга эришилмоқда.
Юртимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, янги дори турларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун барча шароит мавжуд. Бу имкониятдан оқилона фойдаланилиб, фармацевтика саноатига инвестиция лойиҳаларини кенг жалб этиш, тиббиётнинг турли соҳаларида қўлланиладиган шифо воситалари ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналар барпо этиш юзасидан ҳамкорлик лойиҳалари кенгайтирилмоқда.
Кейинги йилларда кооперация алоқалари асосида йўлга қўйилган ана шундай ҳамкорлик натижасида ўттизга яқин фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб қирқ номдаги маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарилиб, тиббий амалиётга татбиқ этилди.
Илм-фан фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган тиббий препаратларни клиник синовдан ўтказиш ҳам муҳим босқичдир. Бугунги кунда бу йўналишда ўн бешта илмий-тадқиқот институти ва тиббий-илмий марказларда кенг қамровли илмий-амалий дастур ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизими ҳам тобора такомиллашмоқда.
Анжуманда мамлакатимиз фармацевтика саноатининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, дори-дармон ишлаб чиқаришни ривожлантириш, фармацевтика саноатига инвестиция лойиҳаларини жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.