Инвестиция: Имконият ва самара
Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов Канаданинг “NOVOPRO” компанияси вакилларини қабул қилди.
Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов Канаданинг “NOVOPRO” компанияси вакилларини қабул қилди.
Таъкидлаш жоиз, “NOVOPRO” компанияси Канададаги тоғ-кон металлургия минералларини қайта ишлаш ва кимё саноатида қўлланиладиган лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқиш, инжиниринг ва менежмент бўйича ихтисослашган йирик қувват ҳисобланади. Компания АҚШ, Австралия, Россия, Эрон ва дунёнинг бошқа йирик мамлакатларида тоғ-кон, металлургия, маъданларни қайта ишлаш ва кимё саноатидаги лойиҳаларни таҳлилий ўрганиш, қувватини кенгайтириш ва ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади.
Компания бугунги кунда АҚШ, Австралия, Эфиопия ва Конго каби давлатларда йирик калий қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширишда асосий иштирокчи ҳисобланади.
– Биз компаниямиз иштирокида Эрондаги “Марчиз мис Кони” лойиҳасининг йиллик қувватини 21 миллион тоннадан 29 миллион тоннага оширишдек лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини (ТИА) яратиб берганмиз, – дейди “NOVOPRO” компанияси бош директори Мази Режаи. – Бундан ташқари, компания 2000 йилдан бери қиймати 5 миллион доллардан 800 миллион долларгача бўлган 40 га яқин йирик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ривожлантиришда иштирок этиб келмоқда
Шунингдек, компания вакиллари минерал ўғитлар ишлаб чиқиш ҳамда мавжуд табиий ресурслар захирасининг ягона реестри ва харитасини яратишда ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан ўз таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашди.
– Ўзбекистонга, хусусан, Навоий вилоятига ташриф буюрганимиздан мақсад табиий ер усти ва ер ости бойликларига эга бўлган мана шундай заминда ишбилармонлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ва замонавий технологиялар асосида геология қидирув ишларини амалга ошириш, қайта ишлаш технологияларини жорий қилишдир, – дейди компания менежери Али Фаршчи. – Энг муҳими, биз хорижлик инвесторлар учун мамлакатингиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга, қолаверса, икки томонлама манфаатдорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлишига ишонамиз.