
Юртимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда юқори маржали бозорларга чиқиш ва уларга босқичма-босқич экспорт ҳажмини ошириб бориш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, маҳаллий маҳсулотларнинг хорижий мамлакатлар бозорларига экспортини диверсификация қилиш ва савдо тартиботларини енгиллаштириш мақсадида Туркия ва Покистон билан имтиёзли савдо битими имзоланди.
Ушбу Битимлар доирасида Туркияга 12 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, Покистон бозорига 17 турдаги маҳаллий маҳсулотларни имтиёзли савдо тартиби асосида пасайтирилган божхона божлари билан экспорт қилиш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, 2024 йилда Европа Иттифоқининг 6 та давлати ҳамда Туркияга 32 та чарм, озиқ-овқат, мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортчи корхоналари иштирокида бизнес-миссиялар ташкил этилиб, 64,6 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳаллий маҳсулотлар экспорти учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқининг “Бош преференциялар тизими плюс” (“GSP+”) бенефициари мақоми олинган. Бугунги кунда Ўзбекистон Буюк Британиянинг “GSP+” тизими бенефициари ҳисобланади.

Ушбу тизим доирасида қўлланадиган имтиёзлар доирасида 6200 дан ортиқ товар позициялари бўйича маҳаллий маҳсулотларни Европанинг 27 та мамлакати ва Британия бозорларига божхона божисиз экспорт қилиш имкониятига эга.
Сўнгги йилларда республиканинг мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш орқали товар ва хизматлар экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, хорижнинг нуфузли “РWC” компаниясини жалб қилган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг 2025-2030 йилларга мўлжалланган миллий экспорт стратегияси” ишлаб чиқилмоқда. Унда жаҳон бозори тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоиздан ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, маҳсулотларни хорижда кенг тарғиб қилиш ва ташқи бозорлар стандартларига мослаштириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш каби комплекс чораларни кўриш орқали 2030 йилда республиканинг экспорт ҳажмини 45 млрд. долларга етказиш назарда тутилган.
Булар ҳақда куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда Қонунчилик палатасининг инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Қудратовга юборган “Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспортни диверсификация қилиш ва глобал савдо алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровига келган жавоб кўриб чиқилди.
Депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган жавобни қизғин муҳокама қилиб, вазирнинг жавобини маълумот учун қабул қилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА