Инвестиция дастури ижроси – назоратда
Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, давлат адлия маслаҳатчиси Баҳриддин Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция дастурлари ижроси, шу жумладан, фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларни ишга тушириш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Хусусан, Косонсой туманидаги эркин фарм зонада жойлашган “Axsikent sof sanoat” масъулияти чекланган жамият биносида вилоят ҳокимлиги, солиқ, марказий банк, кадастр, қурилиш бошқармалари, коммунал соҳа ва тижорат банклари раҳбарлари иштирокида инвестиция дастурлари доирасида жорий йилда амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан тақдимот бўлиб ўтди.


Унда айтилишича, Наманган вилоятида 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида 134 лойиҳа доирасида жами 849,4 миллион доллар хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш режалаштирилиб, амалда 879,2 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши таъминланган. Бу борада масъулларга хорижий инвестициялар оқимини янада кенгайтириш, лойиҳа эгалари, шунингдек, чат эл сармоядорлари билан мунтазам алоқада бўлиш ва фаолиятида юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди.


Шунингдек, тадбирда фармацевтика соҳасида қиймати 104,1 миллион доллар 11 инвестиция лойиҳасини амалга ошираётган ташаббускорларнинг ҳар бири билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди. Улар томонидан билдирилган муаммоли масала ва таклифлар мутасадди идора раҳбарлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Учрашув натижаси ўлароқ, тўртта муаммоли масаланинг жойида ижобий ҳал этилиши таъминланди, қолган муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш юзасидан масъуллари ва муддатлари аниқ белгиланган назорат режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.