Интилган инсон, албатта, мақсадига эришади (+видео)
Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор ва ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган “Йил ўқитувчиси” танловининг бу йилги натижалари эълон қилинди. Республикамиз бўйича 208 нафар педагог – ҳар бир туман ва шаҳардан бир нафардан ўқитувчи ғолиб бўлди ва улар базавий ҳисоблашнинг 1400 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланиши айтилди.
Самарқанд вилоятидан эътироф этилган 16 нафар фидойи педагоглар қаторида Жомбой туманидаги 23-умумтаълим мактаби бошланғич таълим ўқитувчиси Нигора Амирова ҳам бор.
– Бир китобда фақат олдинга ҳаракат қилиб, интилган инсон албатта, мақсадига эришади, деган гапни ўқигандим, – дейди Нигора Амирова. – “Йил ўқитувчиси” танлови жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдим. Тўғрисини айтсам, мен педагогларга бериладиган 70 фоизлик устама олиш учун аттестацияга бориб, шу танлов иштирокчисига айландим. Олий тоифали ўқитувчиман, 25 йиллик тажрибам бор, имконият яратилган экан, устама учун ҳаракат қилиб кўрай, деб имтиҳон топширгандим, 94 балл олибман. 2025 йил август–декабрь ойларидаги малака синовлари натижалари “Йил ўқитувчиси” танловининг биринчи босқичига интеграция қилинган экан. Юқори балл олганим учун менга танловда қатнашасиз, деган хабар келди. Кейин танлов низоми билан танишиб чиқдим, қандай шартлар борлигига қизиқдим. Ҳаммаси кундалик бажариб юрган ишларимиз, педагогик фаолиятимиз билан боғлиқ шартлар, фақат озгина ҳафсала билан, сидқидилдан ишлаш керак экан, холос. Барча жараёнларга низом асосида пухта тайёргарлик кўрдим, ўқидим, изландим. Иккинчи босқичда иштирокчилар бошқа мактабда ўқувчиларга бир соат дарс машғулоти ўтиши керак эди. Аввалига бироз чўчидим, чунки бегона болалар қандай қабул қилади, уларнинг қизиқиши, дарсга муносабатини билмайман. Лекин синфхонасига кирганингизда фикр-хаёлингиз фақат таълим билан бўлса, ўқувчиларни дарсга қизиқтира олсангиз, болалар сизни яхши қабул қилишига шу ерда яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Болалар жуда яхши қабул қилди ва ўз ўқувчиларимга сабоқ бергандек, дарс ўтдим. Жараён тўлиқ видеотасвирга олиниб, ҳакамлар ва педагоглар томонидан баҳоланди. Бу босқичдан ҳам муваффақиятли ўтгач, бизга тест топшириш учун ўқишимиз керак бўлган китоблар рўйхати берилди. Сўзимнинг бошида айтган гапни шу китоблар орасидаги асарда қайта ўқиб, энди якуний босқичда ҳам фаол иштирок этиб, ғолиб бўлишга аҳд қилдим. Тестни муваффақиятли топширдим, синфдан ташқари ишлар бўйича тақдимот қилдим ва ҳаммаси кўнгилдагидек ўтиб, ғолиб бўлдим, мақсадимга эришдим.
Нигора Амирова Жомбой туманида, зиёли оилада туғилиб ўсган. Туман марказидаги 23-мактабда таълим олган ва ота-онасининг тавсияси билан Самарқанд давлат университетининг педагогик факультетида ўқиган. 2001 йилда ўзи таҳсил олган мактабга ўқитувчи бўлиб ишга келган ва шундан буён ушбу даргоҳда бошланғич синфларга сабоқ бериб келмоқда. Турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандни вояга етказмоқда.
– 25 йиллик фаолиятим давомида бир неча йиллар олдин ўтказилган “Очиқ дарслар фестивали”да қатнашганман, – дейди Нигора Амирова. – Туманда биринчи ўринни эгаллагандим, аммо вилоят босқичига бормаганман. Сабаби вилоятда ўрин олиш учун танишингиз борми, харажат қилишга розимисиз, деган гапларни эшитганимдан сўнг, кейинги босқичга боришни истамаганман. Шундай гап-сўзлар, ноҳақликларни эшитиб, кейинчалик умуман танловларда қатнашмадим. “Йил ўқитувчиси” танловига эса аттестацияда қўлга киритган юқори баллим учун тавсия этилганим, қолаверса, бугун таълим тизими тубдан ўзгариб, ўқитувчининг қадр-қиммати ошгани туфайли қатнашдим. Танлов натижалари эълон қилингач, мендан кўпчилик ҳамкасбларим “қандай қилиб ғолиб бўлдингиз”, “таниш-билишчилик бўлдими?”, “ростдан ҳам шунча катта пул мукофоти беришадими?” деб сўрашди. Албатта, уларга танловнинг шаффоф ва адолатли эканлигини, ҳаммаси ўқитувчининг билими, салоҳиятига боғлиқлигини, яхши тайёргарлик кўриш кераклигини айтяпман. Пул мукофоти ҳам танлов низомида белгилаб қўйилган, албатта берилади. Ростдан ҳам ўз ишини яхши билган, янги дарс услубларини ўзлаштирган ва ўқувчиларга меҳрини бера олган ҳар қандай ўқитувчи “Йил ўқитувчиси” бўлиши, катта мукофот пулига сазовор бўлиши мумкин. Бунинг барчаси, аввало, юртимиз таълими тизимидаги ўзгаришлар натижаси, Президентимизнинг мактабга, ўқитувчиларга бўлган жуда катта эътибори самараси.
[gallery-31642]
Лекин кечаги кунлар ҳам ёдимиздан чиққан эмас. Шундай вақтлар бўлдики, рўзғорнинг камини тўлдиришга етмайдиган маошимизни ҳам 3-4 ойлаб ололмаганмиз. Ойлик ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган пайтлар бўлганди. Шунинг учун бир неча йил олдин Президентимиз ўқитувчилар 1000 доллар маош оладиган бўлади, деганларида ўзимиз ҳам ишонмаганмиз. Шукр, бугун 1000 доллардан кўп маош оляпмиз. Билимли, изланиш ва интилишдан тўхтамайдиган ўқитувчилар учун ойлик маошга қўшимча турли хил устамалар, мукофот пуллари бор, вазир жамғармаси, директор жамғармасидан маблағлар берилади. Ўқувчингиз олимпиада ва танловларда ғолиб бўлса ҳам мукофот пуллари оласиз. “Йил ўқитувчиси” танлови мукофоти 50 минг доллар атрофида. Ўн йил олдин буни орзу ҳам қилиб бўлмасди-ку. Насиб этса, бу пулга Тошкент шаҳридан хонадон сотиб олмоқчиман. Мен бугун ўқитувчи бўлишимни истаб, шу соҳага йўналтирган ота-онамдан, оғир вазиятларда ҳам мени қўллаб-қувватлаб, ўзимга ишончимни оширган оила аъзоларимдан, ўз тажрибаларини ўргатган устозларим ва ёнимдаги ҳамкасбларимдан миннатдорман.
Мактаб директори ўринбосари Бахтиёр Тўраевнинг қайд этишича, Нигора Амированинг “Йил ўқитувчиси” танловида ғолиб бўлиши муассасадаги бошқа ўқитувчиларда ҳам ҳавас уйғотди ва уларда мазкур танловда қатнашиш учун ҳозирдан тайёргарликни бошлаб юборган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари