Интернетда маданият йўқми ёки фойдаланувчида?
“Ўргимчак тўри”дан омон қолиш учун “вакцина” олинг
Интернет замонавий ахборот технологияларининг энг муҳим ютуқларидан бири сифатида бутун дунё бўйлаб одамлар ўртасида алоқа ўрнатиш, маълумот алмашиш учун чексиз имконият яратди. Афсуски, кейинги пайт ушбу эркин майдонда маданиятни шакллантириш, фойдаланувчиларда ҳар хил “вирус”ларга қарши кучли иммунитет ҳосил қилишга эҳтиёж ошгандек. Қуйида интернетдаги ижобий ва салбий саъй-ҳаракатларни таҳлил қилиб кўрамиз.
Интернет ва маданият
Маданият – бирор жамиятда яшовчи одамларнинг қадрияти, анъана ва урф-одати, яшаш услубини ифодалайдиган мураккаб тизим. Интернет эса глобал тарзда маълумот алмашинув платформасидир. Бинобарин, айни ахборот, контент фойдаланувчи томонидан яратилади. Инсон шу маълумотни улашиш жараёнида фаол иштирок этади.
Фойдаланувчи омили
Интернетда тарқалаётган маҳсулотнинг сифатини белгиловчи асосий объект –фойдаланувчи. Ҳар ким ўз қарашини эркин билдира оладиган ушбу платформа инсонларга турлича таъсир этиши мумкин. Афсуски, фойдаланувчилар орасида ғаразли мақсад кўзлайдиганлари ҳам мавжуд ва бу ҳолатнинг бир неча сабаби бор:
1. Анонимлик: Интернетдаги сирлилик ҳисси контент муаллифи масъулиятини камайтиради. Шу боис одам кўпинча ўз фикрини кескин, баъзан тажовузкорона ифодалаши мумкин, чунки у оқибатдан қўрқмайди.
2. Троллик – бошқаларга зарар етказиш мақсадида қилинган ҳатти-ҳаракат ҳозир интернетда кенг тарқалган феномен ҳисобланади. Табиийки, бу жараён ижтимоий тармоқ холислигини чеклайди, маданий муҳитни бузади.
3. Яроқсиз маълумот: Тарқатилаётган нотўғри ахборот фойдаланувчида ноҳақлик ҳиссини пайдо қилади. Бу инсонларнинг билими, сиёсий қарашига салбий таъсир кўрсатади.
Салбий таъсир
Интернетдаги мавжуд салбий саъй-ҳаракат натижасида қуйидаги муаммолар юзага келмоқда:
– Кибербуллинг. Ёш авлод орасида инсон руҳиятига зиён етказиши эҳтимоли бор кибербуллинг – интернет орқали ҳақоратлаш кенг тарқалган.
– Маънавий инқироз. Кераксиз контент ҳаддан зиёд кўпайиши инсониятни маънавий инқирозга етаклаши мумкин.
– Ижтимоий ихота: Интернет туфайли одамларнинг бир-бири билан мулоқоти камайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат ижтимоий яккаланишни кучайтиради. Натижада жамоавий руҳ, халқона қараш йўқолади.
Шундай қилиб, “Интернетда маданият йўқми ёки фойдаланувчининг ўзидами?” деган саволга жавоб беришда турли жиҳатларни инобатга олиш зарур. Интернет ўз-ўзидан муайян муҳит сифатида маданиятни шакллантирмайди. Демак, бу муаммо ҳар томонлама фойдаланувчига боғлиқ. Веб-саҳифада кезиб юрган шахс ўз ҳатти-ҳаракати билан ахлоқий қадриятга амал қилмаслиги натижасида сифатсиз контент кўпаймоқда. Айни ҳолатни яхшилаш учун ҳаммамиз “масъулиятли фойдаланувчи”га айланишимиз шарт. Яъни, тўғри маълумот тарқатиш, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ижтимоий тармоқда ижобий муҳит яратишга ҳисса қўшиш орқали асл маданий майдон яратишимиз мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА