Интеллектуал мулкнинг ҳимояси кучайтирилади
Мамлакатимизда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида кўплаб амалий ишлар қилинди. Хусусан, соҳага оид қонунчилик базаси шакллантирилиб, давлат сиёсати самарали йўлга қўйилди. Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликларга қарши тоқатсизлик муносабатини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари партия мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Хусусан, депутат Гулбаҳор Саидғаниеванинг айтишича, қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида интеллектуал мулкка нисбатан ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси сифатидаги жарима давлат бюджетига тушгани бундай турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини ололмаяпти, деб белгилаб қўйилган. Шу сабабли депутат ҳуқуқ эгасига зарарни қоплаш ёки товон тўланиши билан жарима бекор қилинадими, деган саволни ўртага ташлади.
Қонун ташаббускорлари ушбу саволлар юзасидан батафсил тушунтириш бериб ўтди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси сифат жиҳатдан яхшиланиши ҳамда ҳуқуқбузарликлар сони камайишига ҳамда интеллектуал мулкнинг ҳимояси кучайтирилишига хизмат қилади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА