Институтда маҳалла аёллари касб-ҳунарга ўргатилмоқда
Наманган муҳандислик-технология институти илмий кенгашининг тегишли қарорига кўра, олийгоҳдаги мавжуд кафедралар илмий салоҳиятини ошириш, таълим сифатини кўтариш, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш орқали малакали кадрлар тайёрлаш тажрибасини оммалаштириш мақсадида “Кафедра кунлари” лойиҳасини ўтказиш белгиланган эди.
Енгил саноат технологияси факультети трикотаж технологияси кафедраси ўтган қисқа вақт давомида бажарган ишлари ва эришилган ютуқларини намойиш этди. Унда институт ректори Одилжон Маматкаримов, барча проректорлар, факультет деканлари, кафедра мудирлари, тегишли бўлим бошлиқлари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Давлатобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази, трикотаж саноати тармоғида фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари иштирок этди.
Трикотаж технологияси кафедраси базасидаги унитар корхонада талабалар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, чоп этилган монографиялар, ўқув қўлланмалари ва ўтказилган тажрибалар намунларидан иборат кўргазмалар ташкиллаштирилиб, меҳмонларга кафедрадаги ўқув, илмий-инновацион ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган дарс машғулотлари факультет деканлари, кафедра мудирлари ва тегишли бўлим бошлиқлари томонидан таҳлил қилиб борилди. Лаборатория ва амалий машғулотларда янги услуб ва ёндашувлардан фойдаланишнинг самарали жиҳатлари, мавзуни талабага бир вақтнинг ўзида ҳам амалий ҳам назарий кўрсатиш имкониятлари баҳоланди.
[gallery-10080]
Институт нафақат талабаларга, балки барча қатламдаги аҳоли вакилларига таълим бермоқда. Гап шундаки, айни кунларда кафедра базасида институт атрофида жойлашган ўндан ортиқ маҳаллаларда истиқомат қилаётган 60дан зиёд аёлларга трикотаж саноати бўйича касб-ҳунар ўргатилмоқда. Давлатобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликдаги мазкур ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларга сертификатлар берилади ва истиқболда иш билан таъминлаш режалаштирилган.
– Кафедра қошида ташкил этилган унитар корхонада ижтимоий ҳимояга муҳтож 19 нафар талаба дарсдан сўнг ишлаб, иқтисодий имкониятини яхшилаш баробарида соҳа бўйича янада теранроқ кўникмаларга эга бўлмоқда, – дейди НамМТИ трикотаж технологияси кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор Қурбонали Холиқов. – Сентябрь ойидан бошлаб биз яна бир лойиҳани Давлатобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ишга туширдик. Маҳаллаларда яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларга касб-ҳунар ўргатилиб, якунда махсус сертификат берилади ва улар вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарига бемалол ишга жойлашиб, фаолият олиб бориши мумкин. Келгусида унитар корхонамизни кенгайтириш ҳисобига маҳалла аёлларини ҳам ишга жойлаштиришни режа қилганмиз.
Лойиҳа якунида, трикотаж технологияси кафедрасининг илмий салоҳиятини ошириш, таълим сифатини кўтариш, сервис хизматини янги босқичга олиб чиқиш, “Устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳар бир талаба билан ишлаш каби муҳим йўналишлар бўйича тақдимот ўтказилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА