Институтда “Ақлли иссиқхона” лойиҳаси амалга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида Жанубий Кореянинг “Daegu Haany University” билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ақлли иссиқхона” лойиҳаси илм-фан ва амалиёт уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур лойиҳа халқ табобати, фармацевтика, косметология ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш йўналишларида илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган.
[gallery-28953]
Лойиҳа 2024 йил май ойида “К-МЕДИ Ипак йўли” грант дастури доирасида йўлга қўйилган бўлиб, ҳамкорлик натижасида институтда замонавий лаборатория фойдаланишга топширилди. Грант асосида Жанубий Корея томонидан 540 минг АҚШ доллари миқдорида илғор лаборатория жиҳозлари тақдим этилди. Бу эса илмий тадқиқотлар сифатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, институт ҳудудида барпо этилган “Ақлли иссиқхона”да доривор ўсимликларни замонавий технологиялар асосида етиштириш, уларнинг биологик фаол моддалари ва хусусиятларини ўрганиш, олинган натижаларни фармацевтика ҳамда косметология соҳаларига татбиқ этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида келгусида “Ақлли иссиқхона”лар тармоғини кенгайтириш, доривор ўсимликлар етиштириш кластерини шакллантириш, фармацевтика ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Мазкур инновацион лойиҳа талабалар, магистрлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар учун муҳим илмий-амалий майдон вазифасини бажармоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА