Инсонпарварлик юки етказиб берилди
Кобулда Ўзбекистондан Афғонистон халқига юборилган инсонпарварлик юкини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Яқинда Афғонистоннинг Хост ва Пактика провинцияларида рўй берган вайронкор зилзила оқибатини юмшатиш мақсадида мамлакатимиздан ун, ўсимлик ёғи, консерва маҳсулотлари, оёқ кийим ва дори-дармон, жами 74 тоннадан иборат инсонпарварлик ёрдами иккита юк самолётида Афғонистонга етказилди.
Маросимда сўзга чиққан Афғонистон Муваққат ҳукумати ахборот ва маданият вазири вазифасини бажарувчи Хайрулла Хайрхва Афғонистон ҳукумати номидан Президент Шавкат Мирзиёевга, дўст Ўзбекистон халқига ушбу оғир ва синовли вазиятда афғон элига кўрсатилган бебаҳо ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон раҳбари бутун дунёга Афғонистон халқига нисбатан улкан жасорат, беғараз биродарлик муносабати намунасини яна бир бор намоён этди. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий ва ғоят инсонпарвар эканлигидан далолатдир».
Алоҳида қайд этилганидек, Афғонистондаги даҳшатли фожиадан сўнг зудлик билан кўрсатилган ёрдам минглаб оддий афғонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги чуқур тарихий-маънавий, маданий-гуманитар алоқаларни таъкидлар экан, X.Xaйрхвa мамлакат ҳукумати ушбу ришталарни янада ривожлантиришга интилаётганини таъкидлади.
“Ўзбек замини хазиналари саналмиш қадимий Самарқанд ва Бухоро ислом маданияти марказлари бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, уларни, жумладан, бутун афғон халқи эъзозлайди.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг бундай чинакам самимий кўмаги қардошлик ришталаримизни мустаҳкамлашга, халқларимиз ва мамлакатларимиз янада яқинлашувига хизмат қилади”, — деди Афғонистон маданият ва ахборот вазири.
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистонга кўрсатилаётган ёрдам биродарлик хусусиятига эга эканини таъкидларкан, бундай муносабатнинг инсонпарварлик мазмунига тўхталди.
Гуманитар юкнинг Афғонистон халқига етказилиши “афғон халқи учун энг оғир дамда ҳам афғон заминида доимо тинчлик ва фаровонлик ҳукм суриши ҳақида ўйлайдиган” Ўзбекистон Президентининг шахсий ташаббуси эканлиги таъкидланди.
[gallery-7731]
Оқил Ғуломов (сурат),ЎзА