Инсонпарварлик тамойили - амалда
Суднинг ҳукми билан жавобгарликка тортилган шахсларнинг жазо ўташини таъминлаш пробация хизматининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда маҳкумларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда белгиланган чекловларга амал қилишларини назорат қилиб бориш ҳам мазкур хизмат фаолиятининг бир бўғинидир. Пировард натижада намунали жазо ўтаган маҳкумни муддатидан аввал озод қилиш ва уларни жамиятга мослаштириш бир мунча осон кечади.
Бу борада Қашқадарё вилоятида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судининг сайёр суд мажлисида муҳокама этилган тақдимномалар мазмунига кўра шартли озод қилинган фуқаролар пробация назоратида жазо ўтаган ва уларнинг пушаймонлиги ҳамда тўғри йўлга қайтганлиги муддатидан аввал озод бўлишига имкон яратди.
Бўлиб ўтган суд давомида маҳкумлар берилаётган имкониятдан оқилона фойдаланишларини билдираркан, киритилган тақдимномаларни қаноатлантиришни сўрашди. Ўз навбатида инсонпарварлик ифодаси сифатида 7 нафар маҳкум суд ажрими билан муддатидан аввал озод қилинди.

Ишга жойлашишни қонун билан тартибга солинган мезонлари бор ва бу ходимнинг кейинги фаолиятида ҳуқуқлари ҳимоясида муҳим рол ўйнайди. Бироқ шундай бўлса-да, атрофимизда фирибгарлик йўли билан ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, охир оқибатда жиноят содир этиш билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани афсусланарли. Касби тумани пробация назоратида жазо ўтаган маҳкум Маъмуржон Маматов ҳам қилган ишидан кейинчалик қаттиқ афсусланди.
Тайинланган жазога нисбатан масъулият билан қараган маҳкум суд ажрими билан муддатидан аввал озод қилинди. Бу жараёнда унинг жазо ўташ қоидаларига қай даражада амал қилганлиги ва назорат қилувчи органнинг унга нисбатан берган хулосалари муҳим роль ўйнайди ҳамда бўлиб ўтган суд мажлиси давомида туман ИИБ бошлиғининг пробация назоратида жазо ўтаб келаётган бир гуруҳ маҳкумларни озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалари ҳам қаноатлантирилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судининг ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам қилмишидан пушаймонда бўлган, тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ маҳкумларни муддатидан аввал озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида маҳкумлар томонидан содир этилган жиноятлар ва уларга нисбатан тайинланган жазоларни ўталиши юзасидан масъулларнинг фикри тингланиб, унга мувофиқ киритилган тақдимномалар қаноатлантирилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққан маҳкумларнинг яшаш манзилига етиб келганлигини ўрганиш, уларни жамиятга қўшиш мақсадида ижтимоий мослаштириш ишларининг олиб борилиши албатта уларнинг ҳаётда тўғри йўлни танлашига яқиндан кўмак беради. Хусусан, бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, бандлигини таъминлаш ва бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши улар учун туртки бўлмоқда.
Қарши тумани ИИБ пробация гуруҳи томонидан олиб борилаётган бу каби ишлар натижасида бугун назоратда туриб жазо ўтаётган шахсларни муддатидан аввал озод бўлишларига катта имкон яратилмоқда. Жумладан, профилактик тарғибот тадбирлари асосида тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга нисбатан судларга киритилаётган тақдимномалар қаноатлантирилиб, уларга енгиллик берилмоқда.
Бўлиб ўтган суд мажлисида яна уч нафар шахс маҳкумлик масъулиятидан озод бўлди. Эндиликда улар олдидаги асосий вазифа ҳаётда ҳалол яшаб, хатоларидан хулоса чиқариш эканлиги тушунтириб ўтилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири