Инсонни орзулар улғайтиради
Орамиздаги замондошларимиз
Биласизми, ҳаётда энг кучли инсон ким? Мансабу мартабаси улуғ кишиларми ёки бою бадавлат одамлар? Бир этак невараю-чевара қуршовида яшаётган кексаларми ёки навқирон ёшдаги йигитлар? Сизни билмадиму, менинг тасаввуримда энг кучли инсонлар –бу тақдир битикларига дуч келганидан нолимай, яхши яшашга интилаётган имконияти чекланган шахслар.
Ҳа, мол-дунёси ҳали мўлжалига етмаганидан норизо бойларни ҳам, қайсидир ходими ишини уддалай олмаётганидан кўнгли тўлмаётган раҳбарни ҳам, ўйинқароқ неварасини обдан койийдиган суюкли бобони ҳам, билагида куч-қувватга тўла бўлса-да, меҳнатнинг оғирлигидан арз қиладиган йигитларни ҳам учратамиз. Улар билан суҳбатлашиб, дарду ҳолини тингласак, кўнглини оғритмайлик, деган андишада далда бериб қўямиз. Лекин сафимизда шундай инсонлар борки, унга ҳаётнинг катта синови ойна тутиб турган бўлса-да, имконсизлигини билатуриб, имкон излайди. Умид ғунчалари очилишини интиқ бўлиб кутади, орзулари ушалишига ишонади. Аниқ мақсад билан ҳаракат қилади. Имконияти чекланганидан нолишни, ҳаётидан норизо бўлишни ўзига эп билмайди.

–Инсон қандай қийинчиликларга дуч келмасин, у фақат олдинга интилсагина ўз мақсадларига эришади, – дейди Ангор туманида яшайдиган имконияти чекланган Ҳасан Қодиров.¬ Тушкун кайфият, ҳаётдан нолиш ва ўзгалар ёрдамига кўз тикиб ўтириш кишини ожиз қилиб қўяди. Ҳаракат, изланиш инсон кўнглини ёриштиради. Ҳаётга қизиқишни оширади.
Бу сўзларни Ҳасан Қодиров ҳаётдаги шиорига айлантирган. У тумандаги Қорабоғ маҳалласида истиқомат қилади. Туғма ногирон.
Эҳтимол, Ҳасаннинг бундай қатъий фикрга келишига мамлакатимизда ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки, агентлик ходимлари имконияти чекланган инсонларнинг белига қувват бўлиб, уларнинг дарду ҳолидан тез-тез хабар олаётгани, ўртага ташлаётган масалаларни ҳал этиб бераётгани қалбларга қувонч, кўнгилларга шодлик улашмоқда. Ҳаётга интилишини оширишга кўмаклашаётир.
–Ўғлим Ҳасанжонга туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази электрон аравача олиб келиб берди,–дейди Ҳасаннинг онаси Хосият Бунаёва. –Олти йилдан буён унинг орзуси шунақа аравачали бўлиш эди. Тўғриси, ўғлимни шу вақтгача кўчага олиб чиқмаганмиз. Қўни- қўшни, тенгдош дўстлари олдига ҳам олиб боролмадик. Фақат уйда, ҳовлида оддий аравача билан ўтирди. Бироқ ҳаётидан арз қилмади. Кўнглини чўктирмади. Руҳан тетик бўлишга ҳаракат қилди. Ўз орзулари билан яшаб, зерикканини сездирмади. Электрон арава олган кундан буён зерикса, тун қоронғусигача кўчада тенгқурлари билан юради. У яхши ўқиш ва яхши мутахассис бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Энди мактабга бемалол бормоқда. Олдин бундай имконият йўқ эди.

Бу йил 17 ёшга тўлаётган Ҳасан электр техникаларига жуда қизиқади. Шу соҳа бўйича таъмирловчи уста бўлишни кўнглига тугиб олган. Айни пайтда тумандаги 26-мактабнинг битирувчи синф ўқувчиси.
–Ҳасан жуда тиришқоқ бола,¬дейди синф раҳбари Дилбар Пайзиева. – У кўп ўқиб, изланади. Қўшимча китоблар олиб, мустақил мутолаа қилади. Мактабдаги маънавий-маърифий тадбирларни томоша қилишни яхши кўради. Бундай тадбирларга авваллари акалари ва мактабимиз ўқитувчилари олиб келишган бўлса, эндиликда электрон аравача билан ўзи мустақил келмоқда.
¬–Албатта, мақсадимга эришаман, –дейди Ҳасан.¬–Менга берилган янги аравача орзуларимни рўёбга чиқаришга кўмакчи бўлмоқда. Мактабни тугатгач, тумандаги “Ишга марҳамат!” мономарказига бориб ҳунар ўрганишим учун ҳам “Инсон” маркази ходимлари имконият яратиб берадиган бўлди. Ёшлигимдан электр техникаларини таъмирлашга жуда-жуда қизиқаман. Шу касбни чуқур эгаллаб, зўр мутахассис бўлмоқчиман. Келгусида ота-онамни рози қилиш учун яхши ғояларни ўйлаб қўйганман. Шу касб эгаси бўлганимдан сўнг ҳалол меҳнатим билан бу орзуимни ҳам рўёбга чиқараман. Бугун давлатимиз мени қадрлаяпти. Вақти келиб, мен ота-онамга қувонч улашиш билан давлатимизга ёрдам бераман.
Имконияти чекланган бўлса-да, сабр-бардош, изланиш ва эзгу орзу-ниятлар билан ҳаёт пиллапояларида олға интилаётган Ҳасан кўз олдимда жамиятимизнинг энг кучли ўспиринларидан бири сифатида гавдаланиб қолди. Унинг беғубор қалб қўридаги орзу-ниятлари бекаму-кўст рўёбга чиқишига тилакдошмиз.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири