Инсонларга мадад бериш – олий мақсад
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатларининг жойларга чиқиб, иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция, саноат, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси борасида олиб бораётган ўрганишлари ҳудудлар равнақига хизмат қилмоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Жумаев Бўстонлиқ ҳамда Қибрай туманларида бўлиб, бу ҳудуддаги аҳоли билан яқиндан мулоқот қилди. Соҳалар ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида бўлган халқ вакили эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар ва аҳолининг қамраб олиниш даражаси билан танишди.

Шунингдек, мамлакатимизда жорий этилаётган “Ижтимоий карта” тизимининг самарали ишга туширилиши бўйича тажрибаларни ўрганиб, марказларнинг мутасаддилари билан кечган суҳбатлар асносида тизимнинг аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига эътибор қаратди.
Мазкур марказларда янгидан реконструкция қилинаётган бинонинг ҳолати кўздан кечириб, ҳудуддаги инфратузилмани янада такомиллаштириш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берди. Депутат ўрганишлар мобайнида Бўстонлиқ туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаб-интернатида бўлди. Бу ердаги таълим жараёни, инфратузилма имкониятлари ва педагогик жамоа фаолиятини ҳам яқиндан ўрганилди.

Депутат таълим муассасасининг имкониятлари, бу ерда ўқувчи ва педагогларга яратилган шароитлар билан танишди ва таълим сифатини ошириш, болаларнинг ижтимоий адаптацияси ва ривожланишини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мактаб-интернати раҳбариятининг ўқувчиларга дурадгорлик ҳунарини эгаллашида зарур бўлган устахона ташкил этиш ва унда фойдаланиладиган дурадгорлик жиҳозларини олишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаатларига ижобий ечим топиш чоралари хусусида кенгашиб олинди.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари билан Бўстонлиқ ва Қибрай туман Тиббиёт бирлашмаларининг фаолиятини ҳам ўрганган депутат масканларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифати, муассасанинг моддий-техник салоҳияти, масканда имконияти чекланган шахслар учун мослаштирилган йўлакча ва қурилмаларнинг мавжудлигини кўздан кечирди.

– Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг Бўстонлиқ туман бўлинмасида олиб борилган ўрганишларда кечган ўзаро очиқ мулоқотларда ҳам имконияти чекланган шахсларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, бўйича амалий таклифларни кўриб чиқдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Жумаев. – Жамиятнинг келгуси фаолиятига доир режалари ва устувор йўналишлари борасида фикр алмашдик. Ишонаманки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўз натижасини беради.
Халқ депутатлари Бўстонлиқ ва Қибрай туман Кенгашларидаги партия депутатлари ҳамда ЎзЛиДеП туман Кенгаши мутасаддилари билан ташкил этилган учрашув ҳам долзарб масалаларга бағишланди. Хусусан, учрашувда қонунлар ижросини таъминлаш ва жамоатчилик назорати соҳасида маҳаллий Кенгаш депутатларининг салоҳиятини ошириш бўйича сўз борди.
А.Мусаев,ЎзА