“Инсон учун – 2026”: инклюзив бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаётган майдон
Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва меҳнат бозорида фаол иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар нафақат ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, балки инклюзив муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ўтказилган “Инсон учун – 2026” III анъанавий фестивали доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган кенг кўламли савдо кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур тадбир ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, иш берувчилар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Кўргазмада “Ягона реестр”га киритилган, ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган 130 та тадбиркорлик субъекти ҳамда 20 нафар ҳунарманд иштирок этди. Улар томонидан тайёрланган қарийб икки минг турдаги миллий маҳсулотлар меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди. Экспозициядан жой олган маҳсулотлар нафақат ўзининг сифати ва миллийлиги, балки меҳнат орқали инсон қадрини улуғлаш ғоясини тарғиб қилаётгани билан ҳам ажралиб турди.

Фестивалда Бухоро вилояти тадбиркорлари ҳам муносиб иштирок этди. Вилоятдан қатнашган 10 та корхона ўз маҳсулотлари билан меҳмонлар ва ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган трикотаж ва тикувчилик маҳсулотлари, замонавий мебель жиҳозлари ҳамда турли канцелярия маҳсулотлари юқори баҳоланди. Бу эса бухоролик тадбиркорларнинг ички бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳияти тобора ортиб бораётганини кўрсатди.

Кўргазмада фаол қатнашган корхоналардан бири “BUKHARA HAMD PRINT” ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Корхона раҳбари Хуршид Аҳроровнинг айтишича, улар нафақат китоб нашр этиш, балки ижтимоий масъулиятни ҳис этган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
–Бугунги кунда корхонамизда 10 нафар ходим меҳнат қилади. Уларнинг тўрт нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Биз улар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитини яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Чунки ҳар бир инсон ўз салоҳиятини намоён этиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун имкониятга эга бўлиши керак. Бундай фестиваллар эса тадбиркорлар учун янги ҳамкорлар топиш, маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш ва, энг муҳими, инклюзив жамият ғоясини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади, –дейди тадбиркор Хуршид Аҳроров.

Унинг таъкидлашича, корхонада меҳнат қилаётган ходимлар учун доимий равишда малака ошириш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ҳам яратилмоқда. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Фестиваль доирасида ўтказилган бизнес мулоқотлари ва ҳамкорлик учрашувлари ҳам амалий натижалар билан якунланди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси шуъба мудири Бекзод Акрамовнинг маълум қилишича, тадбир давомида бухоролик тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 611 миллион сўмлик 28 та шартнома имзоланган.
–Бу натижалар тадбиркорларимиз учун янги бозорлар очилиши, маҳсулотлар экспорти ва ҳамкорлик алоқаларининг кенгайишига замин яратади. Энг муҳими, фестиваль ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб қилишда муҳим амалий платформага айланмоқда, — дейди Бекзод Акрамов.
Дарҳақиқат, “Инсон учун – 2026” фестивали нафақат ижтимоий тадбир, балки инсон қадрини улуғлаш, меҳнат орқали ҳаётда ўз ўрнини топаётган инсонларни қўллаб-қувватлаш ва инклюзив жамиятни шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим майдон сифатида аҳамият касб этди. Бундай ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат, тенг имконият ва ижтимоий адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири